Давлатимиз раҳбари Қувада жорий этилган агровольтаика технологияси билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува туманида агровольтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуаси билан танишди.
Юртимизда қишлоқ ва сув хўжалигида энергия сарфи ортиб бораётгани ҳисобга олиниб, “яшил” энергия қувватларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агровольтаика усули бир ернинг ўзида ҳам маҳсулот етиштириш, ҳам қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда агровольтаика йўналишида 10 гигаваттгача қувват яратиш салоҳияти мавжуд.

Бу ёндашув Ўзбекистон шароитида, айниқса, қуёшли кунлар кўп бўлган ҳудудлар учун самаралидир. Панеллар экинларга соя бериб, тупроқ намлигини узоқроқ сақлайди, сув сарфини камайтиради. Экинлар эса ер ҳароратини меъёрда ушлаб, қуёш модулларининг самарали ишлашига ёрдам беради.
Мажмуада сув тежамкорлигига қаратилган илғор технологиялар ҳам жорий этилган. Хусусан, Австриянинг “Bauer” компанияси технологияси асосида ёмғирлатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Бу усул сувни экин майдонига бир меъёрда етказиб, тупроқ намлигини сақлаш, ўғитни мақсадли бериш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.

Мазкур технология аввал республикадаги фермер хўжаликларида синовдан ўтказилиб, сув сарфини 40 фоизга, ўғит сарфини 35 фоизга, қўл меҳнатини 90 фоизга камайтириш ва ҳосилдорликни 25 фоизга ошириш самарасини кўрсатган.
110 гектар майдонни эгаллаган мажмуада интенсив боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик йўналишлари уйғунлаштирилган. Бу қайта тикланувчи энергия манбалари ва сув тежовчи технологиялар жорий этилган мамлакатимиздаги илк агромажмуалардан бири ҳисобланади.

Ҳудудда 10 мингта қуёш панели ўрнатилган. Улар электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга тупроқ намлигини сақлаш ва экинлар учун соя ҳосил қилишга хизмат қилади. Балиқчилик ҳовузларида кислород бериш жараёни электр энергияси ҳисобига амалга оширилади, ҳовуз суви эса минерал моддаларга бой ҳолда узумзор ва боғларни озиқлантиришга йўналтирилади.
Чорвачилик йўналишида қорамоллар қуёш панеллари соясида сақланади, боғ ҳудудидаги ўтлар билан озиқланади, органик ўғит эса ер унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Шу тариқа мажмуада энергия, сув, озуқа ва ўғит бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга бирлаштирилган.

Бундай тизим қишлоқ хўжалиги, энергетика ва чорвачиликни ўзаро боғлаб, ердан икки карра самара олиш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва бозорда рақобатбардошликни ошириш имконини беради. Энг муҳими, бу фермерлар даромадини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳозирда агромажмуада узумнинг экспортбоп “Аватар” нави етиштирилиб, зотдор қорамол ва қўйлар парваришланмоқда, интенсив балиқчилик йўлга қўйилган. Натижада 100 дан ортиқ оиланинг даромади оширилиб, 350 нафар аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Экспорт ҳажми 2,5 миллион долларни ташкил этади.

Эндиликда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа учун ноёб бўлган ушбу тажрибани республиканинг 13 та ҳудудида 2 минг гектар майдонда оммалаштириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари мажмуа фаолияти билан танишар экан, агродронлар ёрдамида экинларни дорилаш ва мониторинг қилиш ишларини ҳам кўздан кечирди.
