Давлат хизматлари тизими: амалиёт ва рақамлаштириш
Мамлакатимизда электрон ҳукуматни қуриш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини такомиллаштиришда тизимни рақамлаштириш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш тизимини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, коррупциявий омилларни аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этишда тегишли соҳаларни рақамлаштириш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижроси доирасида вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимликларидаги инсон ресурсларини бошқариш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида hrm.argos.uz электрон дастури ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунда тизимга 4 мингга яқин давлат органлари ва ташкилотлар уланган.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда UZINFOCOM ҳамкорликда тизимга уланган ташкилотлар мутахассислари учун тизимда ишлаш, инсон ресурсларини бошқариш бўйича доимий равишда семинарлар ўтказиб келинади. Жумладан, Агентликнинг Андижон вилояти филиали томонидан 16 та туман, шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, бошқарма ва ташкилотларнинг инсон ресурсларини бошқариш соҳаси ходимлари учун zoom платформаси орқали қатор семинарлар ташкил этилди.
Ўтказилган семинарларда кадрларга оид маълумотларни рақамлаштириш, унинг аҳамияти ва афзалликлари, электрон дастур билан ишлаш механизмлари ҳақида кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, давлат идоралари ва корхоналарида инсон ресурсларини бошқариш фаолиятининг рақамлаштирилиши, hrm.argos.uz ахборот тизимининг ишга туширилиши натижасида қоғоз сарфи камаяди, вақт тежалади, кадрлар билан ишлаш жараёнини тезкор бошқариш имкони яратилади, ахборот хавфсизлиги таъминланади, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари бўйича ягона марказлаштирилган маълумотлар базаси шаклланади. Бу албатта, иш сифати ва унумдорлигини кескин оширади.
Фаолиятни рақамлаштириш, марказлашган ахборот тизимига уланиш олдимизга яна бир муҳим вазифани қўяди. Яъни ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласини. Ахборот технологиялари асрида ахборотнинг муҳимлиги қанчалик аҳамиятли бўлса, уни ҳимоялаш масаласи ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ахборот хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаганлиги билан боғлиқ ҳодисалари туфайли келадиган зарар ташкилот, муассаса тақдирига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳукуматнинг тегишли қарорлари ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги стандартларга мувофиқ, ҳар бир ташкилотда ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий қилиниши бўйича тартиблар, талаблар ишлаб чиқилган. Хусусан, O‘z DSt ISO/IEC 27002 стандартининг 5-бобида ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича талаблар белгиланган.
Хўш ахборот хавфсизлиги сиёсати нима, у қандай жорий этилади?
Ахборот хавфсизлиги сиёсати – бу ташкилот ёки ташкилот ходимлари ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш учун кундалик амалиётида амал қиладиган чора-тадбирлар, қоидалар ва тамойиллар тўплами. Ахборот хавфсизлиги сиёсати асосларини ишлаб чиқишда энг аввало, ташкилотда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг мақсад ва вазифалари белгилаб олинади. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини меҳнат жамоасининг ҳар бир мутасадди ходими чуқур англаши, мазкур жараёнга масъул эканлигини тушуниб етиши керак. Фаолият юритаётган ҳар бир ходим нафақат маълумотлар чиқиб кетишини текширувчи, балки компания хатарларини минималлаштиришга ёрдамлашувчи, зиммасига муайян бурч ва вазифалар юклатилган масъулиятли шахс эканлигини ҳис этиши лозим.
Юқоридаги каби қатор вазифалар, талабларнинг бажарилиши билан ташкилотда ахборот хавфсизлиги таъминланади. Фаолиятни рақамлаштириш жараёнида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади.
Муҳаммаджон Мамуржонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Андижон вилоят филиали етакчи инспектори.
ЎзА.