Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Аввал мослаштирилган эски бинода аҳолига хизмат кўрсатилар, бу эса марказ ишчи-ходимлари учун ҳам турли ноқулайликлар туғдирарди. Бугун эса туман қиёфасига кўркамлик бахш этган Давлат хизматлари марказида ташриф буюрувчиларга давлат хизматлари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда, қулай шароитда кўрсатилади. Такрорланмас меъморий дизайнга эга марказ Шофиркон туманининг 184 мингдан ортиқ аҳолисига 300 турдан зиёд хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитга эга. Марказда кунига 500 нафаргача фуқарога эркин тарзда давлат хизматлари кўрсатиш имкони мавжуд.
Янги Давлат хизматлари маркази ҳам давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили асосида, яъни яшаш жойидан қатъий назар, фойдаланиш имконини беради. Эътиборли жиҳати, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, Давлат хизматлари ҳамда Юридик хизмат кўрсатиш маркази туман адлия бўлими таркибига киритилиб, битта бинода фаолият юритувчи ягона тизимга айлантирилган. Аниқроқ айтганда, ягона “Адлия уйи” шакллантирилган. Бу эса ҳуқуқий муаммоси бор ёки давлат хизматларидан фойдаланишга эҳтиёжи бўлган жисмоний ва юридик шахсларга 4 та тузилма хизматидан “Бир дарча” тамойили асосида, бир жойнинг ўзида фойдаланиш имконини беради.
[gallery-13845]
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар бино қурилишида замонавий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ ва фуқаролар учун энг қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилгани ҳамда Адлия бўлими, Юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими, Давлат хизматлари марказининг бир жойда бўлиши ҳудуд аҳолисига қулайлик яратганини алоҳида таъкидлашди.
Баҳодир Йўлдошев раҳбарлик қилаётган “Когон строй Пристиж” қурилиш корхонаси томонидан қисқа фурсатда қуриб фойдаланишга топширилган бинода фуқаролар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш бурчаги ташкил қилинган. Ташриф буюрувчилар хизматлардан мустақил фойдаланиши, шунингдек, турли имкониятлардан хабардор бўлиши учун ахборот стендлари ва постерлар қўйилган. Болалар ўйин майдончаси, овқатланиш жойи, мини-кутубхона бепул Wi-fi билан таъминланган ҳамда фуқаролар учун қулай кутиш майдони, совитиш тизимига эга. Шунингдек, марказ ногиронлар аравачалари ҳамда қўшимча инфратузилма ва брайл шрифтидаги маълумотлар билан жиҳозланган.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.