Давлат хизматлари марказида oчиқ эшиклар куни
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Давлат хизматлари маркази томонидан туман марказий поликлиникаси ходимлари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими такомиллашаётгани аҳолининг ҳаёт сифати, ишчанлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Туман давлат хизматлари маркази директори Севара Ҳошимова 2022 йил 1 январдан айрим давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўлов миқдорлари камайтирилгани ҳақида батафсил маълумот берди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилиб, марказлар томонидан қамраб олинган хизматлар кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони ўртача икки баробарга қисқартирилган. “Очиқ эшиклар куни” тадбирида иштирокчилар туман давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимларида фуқаролар учун яратилган қулайликлар, хизмат кўрсатиш, шу билан бирга давлат хизматларини олиш жараёни билан таништирилди. Иштирокчилар марказдаги ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчагида мутахассислар ёрдамида керакли давлат хизматларидан мустақил фойдаланди. Шунингдек, масъул ходимлар томонидан айрим масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ҳам берилди.

А.Мусаев, ЎзА