Давлат хизматлари кўрсатиш ҳажми ортмоқда
Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сони 150 тадан ошди. Хусусан, Тошкент вилояти туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига тезкор, қулай ва шаффоф тарзда давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 494 минг 627 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 2 мингдан ортиғи сайёр тартибда амалга оширилди. Вилоятдаги 7 та марказ филиал томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 2 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган.
Кўрсатилган давлат хизматлари статистик ҳисоботларга кўра энг кўп мурожаат болаларни боғчага жойлаштириш, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида маълумотнома олиш, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида маълумотнома олиш, кадастр паспортини шакллантириш, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) аниқлаш, олиш ва ўзгартириш, судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотнома олиш йўналишида бўлган.
Айниқса, тадбиркорлик бўйича давлат рўйхатидан ўтганлар сони 10 минг 973 тани ташкил этган. Шундан 4 минг 643 таси юридик шахслар бўлса, 6 минг 330 таси жисмоний шахслар ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, улар орасида 92 та тадбиркор сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. 3 минг 698 нафари эса марказга келиб тадбиркор сифатида қайта рўйхатдан ўтган.
Жорий йил бошидан буён Тошкент вилоятида 18 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона давлат рўйхатидан ўтказилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шу кунга қадар Тошкент вилоятида 415 та хориж корхоналари ҳамда 523 та қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтган.
Муса Каримов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
бўлим бошлиғи