Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими бошқаруви ташаббуси билан “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари” мавзусида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Фонд тизимида фаолият юритаётган ишчи ходимларнинг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида Республика Маънавият тарғибот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Тадбир давомида “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари” мавзусидаги маъруза тингланди. Одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга, Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, юкланган функционал вазифаларини тўлиқ бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, хизмат сирини сақлаш, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик каби хислатларни ўзлаштиришга қаратилган қонунга оид тушунчалар берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.