Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари
Давлат фуқаролик хизмати тизимини ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш давлат бошқарувини самарали ташкил этишнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
2022 йилнинг 8 август куни “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги қарори билан “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари” тасдиқланди.
Мазкур қарор давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда вилоят Адлия бошқармаси билан биргаликда давлат хизматчилари ўртасида қонун ва қарор мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишдир.
Семинарлар давомида иштирокчиларга мутахассислар томонидан давлат фуқаролик хизматчилари хулқ-атворининг умумий қоидалари, касбий маданиятга оид одоб-ахлоқ қоидалари, хизматни ўташ ва бошқа вақтда одоб-ахлоқ қоидалари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари, шунингдек, раҳбар ходимларнинг мажбуриятлари атрофлича тушунтириб берилмоқда.

Қонуннинг “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш” деб номланган 4-боби 17-моддасида Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида қандай талаблар белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик таҳлилидан маълумки, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқи коррупцияга қарши курашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Буни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни нормаларидан ҳам англаш мумкин. Масалан, қонунда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унда давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш белгиланган. Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида амал қилиши шарт бўлган принциплар, мажбуриятлар белгилаб қўйилган бўлиб, улар давлат хизмати соҳасида бевосита ва билвосита коррупциявий ҳолатларни олдини олишга йўналтирилган.
Албатта, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амалиётда ишлаши унинг ишлаш механизми қанчалик таъминланганлигига боғлиқ. Одоб-ахлоқ намунавий қоидаларида ушбу қоидаларни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб мавжуд бўлиб, унда қоидаларнинг самарали ижроси ва назоратини таъминлашга қаратилган нормалар киритилган. Яъни, давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун мазкур қоидаларни бузилиши эса уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Мулоқотлар давомида мавзуга оид махсус видеороликлар намойиш этилиб, маърузалар тақдимот кўринишида ёритиб берилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтларда ҳам умум қабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
Дарҳақиқат ўзини нималардандир чеклай олган, ўзига тақиқ қўя олган ва ўзини қайсидир эзгу ишга мажбур қила олган инсон – маданиятли шахс. Агар инсон ўз олдига муайян тақиқ ва вазифа қўя олдими, демак у турли нопок ишларга аралашмайди.
Қонунга итоаткор одам – маданиятли одам. Бундай инсонларнинг ҳаёт тамойилида эзгулик, бунёдкорлик, ҳалоллик, адолат устувор бўлади. Аслида ана шундай инсоний ақида ҳар бир давлат хизматчиси фаолиятида намоён бўлиши лозим.
Бу жиҳат ҳар бир ходимнинг муомаласидан тортиб, юриш-туришида, иш фаолиятида қатъий дастур бўлиши керак.
Чунки ахлоқ инсоннинг шахсий қадрияти сифатида унинг фаолиятига кўчади ва уни самарали қилувчи кучга айланади. Шундагина ҳақиқий давлат хизматчиси халқнинг маънавий халоскори бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топа олади.
Аброр Латипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Навоий вилоят филиали бош инспектори.
ЎзА