Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари
Давлат хизматчиларининг иш фаолияти давомида амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ қоидаларини билмаслиги, уларнинг аниқ баён этилмаслиги ва бундай турдаги қоидаларнинг амал қилиниши устидан лозим даражадаги назоратнинг олиб борилмаслиги давлат хизмати соҳасида суиистеъмоллик ва турли коррупция ҳолатларини келиб чиқишига омил бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрь куни “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида Паркент туманида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирокида “Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Бобажанов иштирок этди.
Паркент туман адлия бўлими бошлиғи Гулбой Раҳмонқулов семинар иштирокчиларига “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб берди.
Хусусан, одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган. Ҳар бир мутахассис фаолиятида амал қиладиган принциплар, ишдан ташқари вақтда хулқ-атвори, давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш, масъулият, касбига садоқат ва ҳалоллик, мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш, хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш ва давлат хизматчисининг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.
Семинарда туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан тадбир иштирокчиларига Mobile-ID тизимига белгиланган ҳавола орқали уланиш ва ундан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, Тошкент, Қибрай туманларида ҳам мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув-семинарлари ташкил этилди.
А.Мусаев, ЎзА.