Давлат хизматчиларининг нуфузи янада ортади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири эканлиги, бунинг учун кадрларни танлашда очиқ ва ошкора танлов тизимини жорий этиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада қатор вазифаларни белгилаб берган эди.
Ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, давлат идораларидаги лавозимларга номзодларни танлашда очиқ, мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи механизм амалиётга татбиқ этилди. Айни кунда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали томонидан танловларни ташкил этилиши ва ўтказилиши бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йилда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд 605 та вакант штат бирлиги бўйича https://vacancy.argos.uz порталида танловлар эълон қилинди. Вакант лавозимлар учун беш минг нафардан ортиқ талабгорнинг ҳужжатлари электрон шаклда қабул қилинди. Ҳужжатларни ўрганиш, тест ва суҳбат босқичлари натижасига кўра, 346 нафар талабгор танлов ғолиби деб топилди. Танлов ғолиблари ўзлари иш олиб бораётган давлат идорасида ҳалоллик тамойилини мустаҳкамлаш билан бирга, давлат хизматчиси имиджини ошириб, касбига садоқат ҳамда фидойилик билан профессионал тарзда фаолият юритаётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.
2022 йил январь ойида давлат органларидаги 170 та вакант штат бирлиги бўйича тест синови ҳамда суҳбатлар ўтказиш бўйича танлов комиссияларининг йиғилишлари ўтказилди. Бундан ташқари, https://vacancy.argos.uz портали орқали вилоят карантин, халқ таълими, маҳалла, ветеринария, ёшлар ишлари, мактабгача таълим, молия, солиқ, транспорт, сув хўжалиги, маданият, иқтисодиёт тизимларидаги 89 та вакант штат бирликлари бўйича онлайн ҳужжатлар қабули давом этмоқда. Ҳозирда вакант лавозимлар учун ўтказилаётган танловларни кенг омма эътиборига етказиш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида суҳбат жараёнларини https://www.youtube.com/ интернет тармоғида тўғридан-тўғри ёритиш йўлга қўйилган.
[gallery-5842]
– Агентлигимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ёшлар етакчиларининг иш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича онлайн ўқув-семинарлар ўтказилмоқда, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали раҳбари ўринбосари М. Қўлдашев. – Мазкур ўқув-семинарларида ёшлар етакчилари Ёшлар балансини шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформасига киритиш, ёшлар билан самарали иш ташкил қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича зарур билим ва кўникмалар олмоқда, тажрибаларини бойитмоқда. Бундан ташқари, Келажак лидерлари клуби аъзоларига, Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларига фаолиятларини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан амалга оширилаётган ишлар давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларга танловларнинг очиқ, шаффоф ташкил этилиши ва жамоатчилик назоратининг таъминланишига, шунингдек, кадрлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришга, энг асосийси, давлат хизматчиларининг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА