Давлат харидлари – доимий назоратда
Наманганда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан соҳа вазирлигининг ички аудит департаменти вилоят бўйича ички аудит бўлими ҳамда бошқарманинг коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўъбаси ҳамкорлигида таҳлилий-муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда ички аудит бўлими, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўъбаси мутасаддилари, шунингдек, бошқарма шўъба раҳбарлари, шаҳар, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг марказлашган ҳисобхона бош ҳисобчилари, давлат ҳаридлари бўйича маъсул ходимлар иштирок этишди.
Муҳокамалар давомида давлат ҳаридларини амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган қонунбузилиш ва камчиликлар кўриб чиқилди. Хусусан, Косонсой, Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Норин, Чортоқ, Учқўрғон туманларида рўй берган ҳолатлар қаттиқ танқид остига олинди.

Аксар ҳолларда бир хил субъект билан бир-бирига яқин вақтда бир нечта шартномалар тузилган. Оқибатда давлат харидини қисмларга бўлиш, уларнинг айримларида эса хизмат турлари ва таърифлари фарқ қилишини инобатга олган ҳолда алоҳида баҳоланмаганлиги танқид остига олинди.
Бундай шартномалар Косонсой туманида 2 та, Тўрақўрғон туманида 16 та, Мингбулоқ туманида 4 та, Норин туманида 6 та, Чортоқ тумаида 4 та, Учқўрғон туманида эса 2 та тузилган.

Таъкидлаб ўтилганидек, бир турдаги хизматлар бўйича шартномаларнинг бир нечтага бўлиниши давлат ҳаридларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш эҳтимолини келтириб чиқаради. Бу эса амалдаги қонунчилик талабларига зид эканлиги қайд қилинди.
Йиғилиш якунида тегишли қарор қабул қилиниши, унга мувофиқ давлат ҳаридлари ҳажмини сунъий равишда қисмларга бўлиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишига йўл қўймаслик чоралари белгиланди. Ўз навбатида, қонунчилик талабларини бузган масъул ходимларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш таклифи илгари сурилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири