Давлат ва халқ орасидаги бўшлиқ
Ҳар бир фуқаро давлат хизматларидан ортиқча оворагарчиликларсиз, тўсиқларсиз фойдаланишга ҳақли. Агар бу жараёнда давлат идоралари масъулиятсизликка йўл қўяр экан, давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларга путур етади. Яъни, жамиятда давлат идоралари ва хизматчиларига бўлган ишончсизлик кайфияти вужудга келади.
Шунинг баробарида ҳар бир мурожаатга ўткир нигоҳ билан қараш, унинг ортида турган тақдирларни чуқур ҳис қилган ҳолда ўз вақтида ҳал қилиш чораларини кўриш масъулияти илгари сурилмоқда. Аммо ҳали ҳануз бу тамойил мазмун-моҳияти, балки масъулият нималигини билмайдиган масъуллар афсуски мавжуд. Бу эса бугунги ислоҳотларнинг илдизига болта урмоқда.
Буни биргина давлат хизматлари мисолида олиб қарайлик. Масалан жорий йилнинг ўтган 9 ойида Самарқанд вилоятидаги давлат хизматлари марказларига 813 мингдан ортиқ мурожаат бўлган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 220 минг 540 та кўп хизматлар кўрсатилди. Давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёж ортаётганини ҳисобга олсак, мазкур амалиётга бевосита алоқадор бўлган ваколатли органлар, яъни бошқа давлат идоралари мурожаатлар билан ишлашда янгича ёндашувга ўтишлари кераклиги ойдинлашади.
Нега? деган савол туғилиши табиий. Жавоб бериш мақсадида таҳлилларга эътибор қаратамиз. 2022 йилнинг 9 ойи давомида ваколатли идоралар томонидан 8005 та қонун бузилиши ҳолатлари содир этилган. Шундан, 7 083 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган бўлса, 821 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилиб, 95 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган, 6 тасида бошқа қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Энди тасаввур қилинг, бир эмас, юз эмас нақд 8 мингдан ортиқ фуқаро хизматларни олишда ҳуқуқлари бузилган. Ечимини кутиб турган шунча масала тақдирини энди тасаввур қилиб кўринг.
Хўш, масъулиятсизликка йўл очиб бераётган давлат идоралари қайсилар? Улар Кадастр идоралари, газ, сув ва электр таъминоти корхоналари, қурилиш идоралари, туман (шаҳар) ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда Давлат солиқ инспекцияларидир. Тегишли тартибда огоҳлантиришларга қарамай, тегишли хулоса чиқармай, қонун бузилиши ҳолатларини содир қилган ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 45 та тақдимнома, 795 та огоҳнома, 44 та профилактик суҳбатлар киритилди. Шунингдек, 116 нафар айбдор саналган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида ваколатли органларнинг 46 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, шулардан 6 таси билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Ушбу давр мобайнида Самарқанд вилоят Қурилиш бош бошқармаси, Самарқанд вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси, Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси Давлат унитар корхонаси Самарқанд вилоят филиали ва бошқа бир қатор ташкилотларда Президент Фармон ва Қарорлари ва бошқа маъмурий тартиб таомиллар талабларининг ижро этилиши, шунингдек, Низом ва маъмурий регламентларда Давлат хизматларини кўрсатилишида белгиланган тартиб ва талаблар ижроси ўрганилиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
Хусусан, Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси Давлат унитар корхонаси Самарқанд вилоят филиалида 2021 йил ва 2022 йилнинг олти ойи давомида ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлиги, маъмурий тартиб таомилларга риоя этилиши, давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати, норма ижодкорлиги фаолияти, юридик хизмат фаолияти ва ҳуқуқий тарғиботни амалга оширилиши ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар жараёнида, «Тамирлойиҳа» МЧЖ томонидан бино, иншоот ва бошқа объектлар қурилишида келишиладиган лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича 2022 йил 9 сентябрда берилган ариза юзасидан шартнома тузиш бўйича буюртмачига шартнома юборилмаган. Шу каби ҳолат «Гидравлика Универсал» МЧЖнинг 2022 йил 9 сентябрдаги аризасини ижро этишда ҳам такрорланган. Бундан ташқари, «Самарқанд Йўл Лойиҳалаш» МЧЖнинг ушбу санадаги сўровномаси 2 кун, «Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУКнинг 2021 йил 20 декабрдаги аризаси ижроси 16 кун кечиктирилиб бажарилган. Афсуски, бундай ҳолатларни бошқа мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ваҳоланки, Шаҳарсозлик ҳужжатларини «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали эксперт ташкилотларига юбориш ҳамда кўриб чиқиш тартибига мувофиқ эксперт ташкилоти шартномалар бўлими бир кун муддатда шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун шартномани тайёрлаш ва буюртмачига юбориши белгиланган. Аниқланган ҳолатлар бўйича қонун бузилишига йўл қўйган масъул ходимлар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Биз юқорида давлат ва халқ ўртасидаги муносабатлар ҳақида тўхталган эдик. Айтмоқчиманки, агар биз аҳоли мурожаатлари билан ишлашни тўғри йўлга қўймас эканмиз, жамиятни орқага тортувчи омиллар ўз ўзидан туғилаверади. Бу эса давлат ва халқ ўртасидаги бўшлиқнинг чуқурлашиб боришига замин яратади.
Акбар БОБОБEКОВ,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими