Давлат тилини ўрганиш бўйича ўқув курслари
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ўзида ва ҳудудий босқичларида давлат тилини ўрганиш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган.
Навоий, Қашқадарё, Фарғона вилоятларида корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган раҳбар ходимларни ўқитиш ишлари иккинчи бочқичи ниҳоясига етди. Янги мавсумда раҳбар ходимлар билан биргаликда ташкилотда ҳужжат билан ишлайдиган ходимлар ҳам жалб қилиниши кўзда тутилган бўлиб, улар малакали мутахассислардан таҳсил олишади.

Айни вақтда марказнинг Гулистон давлат университетидаги филиалида Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган 25 нафар раҳбар ходимга давлат тилини ўргатиш бўйича ўқув курси йўлга қўйилган бўлиб, улар тест ва оғзаки имтиҳон топширишга тайёргарлик кўришмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган марказда кўникмаларини оширган тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Д.Маматова, ЎзА