Давлат тилига эҳтиром Ватанга нисбатан эҳтиром ва садоқатдир
Ўзбек тили узоқ йиллар давомида сайқалланиб, бойитиб келинаётган тилдир. Ҳозирги кунда она тилимиз нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Жумладан, ўзбек тили БМТнинг юксак минбарида, йирик халқаро анжуман ва саммитларда баралла янграмоқда.
Шу кунларда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида ўтказилган “Тил — миллат руҳи” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ҳам Ўзбек тили байрамига бағишланди.
Депутатлар, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходимлари, адабиётшунос олимлар, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва ёшлар иштирок этган тадбирда она тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш, софлигини сақлаш, давлат тили сифатидаги ўрнини юксалтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Хуршид Дўстмуҳамедов, Фарида Оқбўтаева ҳамда педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ўзбек тилининг минг йиллик тарихи, асрлар давомида илм-фан ва адабиётларда, бадиий асарларда кенг қўлланилиб келинаётгани, унинг жозибадорлиги ва бойлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, бугунги кунда жаҳон миқёсида кўплаб тиллар йўқолиб кетиш арафасида турган бир пайтда 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашаётгани, она тилимиз жаҳон минбарларида янграётгани ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Шу билан бирга, олдимизда давлат тилининг аҳамиятини янада ошириш, тил сиёсатини такомиллаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган талай ишлар тургани қайд этилди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, унинг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш зарурлиги айтилди. Таъкидланганидек, она тилимизга бўлган эътибор истиқлолимизга, миллатимизга бўлган эътибордир, давлат тилига эҳтиром ва садоқат эса она Ватанга нисбатан эҳтиром ва садоқатдир.
Тадбир давомида депутатлар ва ёшлар ҳам тилимизни асраб-авайлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Давра суҳбати сўнгида депутатлар иштирокида ўтказилган диктант танлови ғолиблари тақдирланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА