Давлат ташкилотларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити қандай ташкил этилади?
Президентимизнинг "Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ва унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари (HR) ходимларига мўлжалланган вебинар ўтказилди.
Унда Президент Администрацияси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги, экспертлар, шунингдек, ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг тизим ташкилотлари инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – қарорда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, давлат органлари ва ташкилотларида янги жорий этилаётган дастурни самарали татбиқ этиш бўйича ягона ёндашувларни шакллантириш ҳамда масъул ходимларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш.
Вебинар давомида экспертлар томонидан қарорнинг асосий йўналишлари, меҳнат муносабатларида хавфсизлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини мустаҳкамлаш, ходимларни тазйиқ ва зўравонликнинг турли кўринишларидан ҳимоя қилиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда уларга нисбатан самарали чораларни кўришга қаратилган янги дастурнинг мазмуни ва имкониятлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Иштирокчиларнинг саволларига экспертлар томонидан атрофлича жавоб ва амалий тушунтиришлар берилиб, дастурни давлат органлари ва ташкилотларида жорий этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур вебинар давлат ташкилотларида соғлом, хавфсиз ва ўзаро ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини шакллантириш, ходимларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ресурсларини бошқаришда замонавий ва самарали ёндашувларни кенг жорий этиш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
Вебинар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар ишлаб чиқилаётган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳамда механизмларни такомиллаштиришда фойдаланилади.
Белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши ҳар бир ходим ўзини қадрланган, ҳимояланган ва жамоанинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис этадиган меҳнат муҳитини яртишга, пировардида эса давлат хизматининг самарадорлиги ва институционал маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА