Давлат рамзлари – фахримиз
Сирдарё вилояти “Баркамол авлод” болалар мактабида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Давлат рамзлари – фахримиз” шиори остида ижодий кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Тадбир ёш авлод қалбида миллий рамзларимизга нисбатан ҳурмат, ватанга муҳаббат, ифтихор ва фахр туйғуларини мустаҳкамлаш, болаларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.


Кўрик-танлов доирасида ўқувчи-ёшлар ўртасида расмлар танлови ва “Герб ёнида фахр билан” номли ижодий Флешмоб ташкил этилди. Бу лойиҳалар орқали ёшларда миллий тимсолларга нисбатан ижобий муносабат шаклланиши, уларнинг мустақил фикрлаш ва ижодий ифода қилиш қобилияти ривожланишига замин яратилди.


Танловда иштирок этган ўқувчилар турли тўгаракларда эгаллаган билим ва кўникмаларини намоён этди. Танлов натижаларига кўра, мазкур таълим муассасасининг “Инглиз тили” тўгараги аъзоси Рухшона Исмонқулова фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринга “Тасвирий санъат” тўгараги аъзолари муносиб деб топилди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчилар “Баркамол авлод” болалар мактабининг фахрий ёрлиқ, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири