Давлат рамзи товар белгиси эмас
Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида қонун билан тасдиқланган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби, ва мадҳиясига эга.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддас бўлиб, уларни ҳар қандай йўл билан таҳқирлаш қонун билан жавобгарликка тортилади.
“Давлат герби тўғрисида”ги қонуннинг 51-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Aniq.uz сайти томонидан италиялик дизайнер Стефано Риччи Ўзбекистон учун коллекция яратди мақоласида (https://aniq.uz/yangiliklar/uzbekiston-gerbi-va-bayrogi-tushirilgan-krossovka-ishlab-chiqarildi-narxini-bilasizmi-foto) таъкидланишича, яъни Стефано Риччи томонидан яратилган оёқ кийимларида Ўзбекистон герби ва байроғи тасвирланган.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари – байроқ ва гербга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Тошкент шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат муассасаларида давлат рамзларидан фойдаланишда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган.
Ўрганиш давомида 363 ҳолатда “Давлат герби тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги аниқланган.
Шунга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган шаҳар ҳамда туман миқёсидаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 103 тақдимнома ҳамда 70 қонун ҳужжати бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳнома, шунингдек Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида 49 таклиф юборилган.
Натижада 55 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 18 ҳуқуқбузар маъмурий равишда огоҳлантирилган, 9 нафар мансабдор шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилган.
Н.Абдураимова, ЎзА