Давлат мукофотига номзодлар сараланди
Жиззах шаҳрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига вилоят саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларидан аъло хулқи, зукколиги, ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги муваффақияти, жамоат ишларидаги фаоллиги, ташаббускорлиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли хотин-қизлар орасидан энг саралари танлаб олинди.
Ушбу танловларда ҳукумат қарорида белгилаб берилган низом талаблари асосида, яъни фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти йўналишлари бўйича талабгорларнинг эришган ютуқлари ва ижодий ишлари нуфузли комиссия томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида қарийб минг нафарга яқин иқтидорли хотин-қиз иштирок этган бўлса, шулардан 100 нафарга яқини вилоят босқичида ўз иқтидорини синовдан ўтказди.
[gallery-20637]
Комиссия аъзолари томонидан 8 та йўналиш бўйича ҳар бир номзоднинг тайёрлаган ишлари одилона баҳоланиб, муносиб номзодлар рўйхати вилоят комиссиясига тавсия этилди.
– Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар дастлаб 5 йўналишда сараланарди, кейинчалик бу миқдор 7 тани ташкил этди, – дейди комиссия аъзоси, “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Саид Донишев. – Танловнинг жорий йилги вилоят босқичида эса тавсия этилаётган номзодлар 8 та йўналиш бўйича ўз иқтидорини намойиш этиш имконига эга бўлди.
Шуниси қувонарлики, шаҳар ва туманлардан вилоят комиссиясига тавсия этилган номзодларнинг деярли барчаси ўз йўналишлари бўйича ғолиб бўлишга муносиб хотин-қизлардир. Лекин ғолиб ҳар бир йўналиш бўйича бир нафардан бўлади ва уларнинг фақат энг иқтидорли бўлган 2 нафаригагина омад кулиб боқади.
Иштирокчилар 8 йўналиш – фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати уларнинг фаолиятини эришган ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишлари, билим ва қобилиятига қараб муносиб баҳолади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари