Давлат герби қабул қилинган кун кенг нишонланди
Бухорода “Ўзбекистон – барчамиз учун ягона Ватан, ягона қалбдир!” шиори остида Давлат герби қабул қилинган кун кенг нишонланди.
Абу Али ибн Сино номидаги фавворалар майдонида ташкил этилган тадбирда таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари, Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят ҳамда шаҳар бўлимлари, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар қатнашди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, шунингдек, шаҳар ва туманлар ўқув спорт техника клублари томонидан тарғибот автокарвони ташкил этилди.


Тантанада сўзга чиққанлар, давлат рамзлари ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, шу азиз юртимизни севишга ундовчи муҳим восита эканлигини таъкидлашди. Зотан, ўз қадр-қимматини, таянчи ва суянчини англаган халқ ўз миллий тимсолларини ҳамиша эъзозлайди. Маънавияти бутун халқни ҳеч қандай куч ўзи танлаган йўлдан чалғита олмайди. Айнан шу маънода давлат рамзлари ҳақида билим ва тасаввурларга эга бўлишимиз бизнинг муштарак мақсад сари интилишимизга мадад беради.

Тадбир давомида санъат ва маданият ходимларининг мусиқий чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Шунингдек, мазкур шиор остида юртимиз аҳолиси ва меҳмонлари кўксига Давлат герби туширилган шараф ленталари тақиш ҳамда Xeshteg остида Chellenj ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА