Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражаси берилади
Бугунги кунда юртимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасида кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши давлат фуқаролик хизмати тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтаришга ҳуқуқий пойдевор бўлди. Қонун билан давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозимлар тоифалари ва малака даражалари, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларининг ягона тартиби, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизми белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар давлат фуқаролик хизматчисига малака даражасини беришнинг аниқ тартиботи ишлаб чиқилмаган эди. Фақатгина Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчиларига давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари ва тоифаларидан келиб чиққан ҳолда давлат фуқаролик хизмати лавозимларига учта тоифага бўлинган 10 та малака даражаси берилиши назарда тутилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражаларини бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Давлат фуқаролик хизматчисининг малака даражаси – давлат фуқаролик хизматчисининг лавозими, унинг касбий даражаси, иш стажи ва унинг касбий билимлари, кўникмалари ва қобилиятларига мос келадиган ҳамда белгиланган тартибда ва баҳолаш мезонлари асосида шахсан тайинланган даража ҳисобланади.
Бундай тоифаланишнинг киритилиши давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарали ташкил этилиши, уларнинг соҳага бўлган мотивациясини оширишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Давлат фуқаролик хизматчисига малака даражасини бериш нафақат интизомни мустаҳкамлаш, давлат хизматчиларининг имижи ва обрўсини ошириш, унинг лавозими ва хизмат тажрибасини, маълум бир давлат ходими сифатидаги ваколатларини белгилаб берувчи омилдир.
Низомга асосан давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражалари қоида тариқасида изчил тартибда олий маълумотга ва муайян иш стажига, малака оширганлиги тўғрисидаги сертификатга, малака комиссиясининг ижобий хулосасига эга бўлган тақдирда берилади. Бунда давлат фуқаролик хизматчисининг эгаллаб турган лавозими ёки унга олдинги иш жойида берилган махсус унвони (мартаба ва малака даражаси) инобатга олинади. Олий маълумотга эга бўлмаган давлат фуқаролик хизматчиларига малака комиссияси қарорига асосан “6-, 5-малака даражалари” берилиши мумкин.
Мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат органларининг махсус унвон ва мартаба даражасига эга бўлган ҳамда давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган шахсларга малака даражаси Давлат фуқаролик хизмати малака даражаларининг бошқа органларнинг унвон ва мартаба даражаларига нисбатини ҳисобга олган ҳолда берилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг малака даражасида бўлиш муддатига унинг давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органи ва ташкилотидаги иш стажи киритилади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, навбатдаги малака даражасини беришда давлат фуқаролик хизмати татбиқ этилмайдиган ташкилотлардаги иш стажи ҳам инобатга олинади.
Малака даражалари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва тегишли хулоса қабул қилиш учун давлат органида беш нафардан етти нафаргача аъзодан иборат Малака комиссияси тузилади. Малака комиссияси таркибига қоида тариқасида давлат органи раҳбари (унинг ўринбосари), инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси раҳбари (ходими), таркибий тузилмалари раҳбарлари, юридик хизмати раҳбари (ходими) ва касаба уюшмаси раҳбари киритилади. Давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси Малака комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
Давлат органи раҳбари Агентлик билан келишилган ҳолда:
- ишда алоҳида ўрнак кўрсатган ёки хизмат бурчини намунали ижро этган давлат фуқаролик хизматчиларига амалдаги мавжуд малака даражасида бўлиш муддатининг, қоида тариқасида, камида ярмини ўтаганидан сўнг рағбатлантириш мақсадида муддатидан олдин навбатдаги малака даражаси беришга;
- изчилликка риоя қилмаган ҳолда, лекин давлат фуқаролик хизматчиси юқори давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланганда ўзи эга бўлган малака даражасидан икки даража юқори бўлмаган малака даражаси беришга;
- биринчи марта малака даражаси берилаётган давлат фуқаролик хизматчиларига улар эгаллаб турган давлат фуқаролик хизмати лавозими бўйича берилиши мумкин бўлган энг юқори малака даражасидан бир даража паст малака даражасини ёки унгача бўлган малака даражаларидан бирини беришга ҳақли.
Юқорида қайд қилинган бандлар бўйича “1-даражали хизматчи” малака даражаси Агентлик директори томонидан бериладиган ҳолларда тегишли давлат органи томонидан Агентлик директори номига тақдимнома киритилади.
Давлат фуқаролик хизматида иш стажига эга бўлмаган шахсларга малака даражаси давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллагандан кейин камида олти ой ўтгач изчилликка риоя қилган ҳолда “6-даражали хизматчи” малака даражаси берилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасида давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари белгиланган бўлиб, унга кўра малака даражасини пасайтириш ҳам интизомий жазо турларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли низомда малака даражаларини бериш билан бирга пасайтириш ҳамда ундан маҳрум қилиш тартиби ҳам белгиланган.
Шунга кўра, давлат фуқаролик хизматчиларининг малака даражалари интизомий жазо тариқасида бир поғона пасайтирилиши мумкин. Бунда малака даражасини пасайтириш тўғрисидаги қарор малака даражаси берган давлат органи раҳбари томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг аввалги малака даражаси тикланган ва уларга навбатдаги малака даражаси берилгунга қадар малака даражасини такроран пасайтиришга йўл қўйилмайди. Давлат фуқаролик хизматчиси жиноят содир этгани учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан малака даражасидан маҳрум этилиши мумкин.
Берилган малака даражаси давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат гувоҳномасида кўрсатилади ҳамда малака даражасига оид ҳужжатлар унинг шахсий ҳужжатлари тўпламида сақланади. Малака даражаси берилганлиги бўйича буйруқ (фармойиш, қарор ва бошқа) “hrm.argos.uz” электрон тизимига тегишли давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси томонидан киритилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражалари берилиши уларнинг касбий компетенцияларини ошириб бориш, моддий рағбатлантириш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг жозибадорлигини ошириш, касбий тайёргарлик даражаси лавозимга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Ҳаётбек Акбаров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Андижон вилоят филиали раҳбари ўринбосари.
ЎзА