Давлат дастури муҳокамасида депутатлар фаол
Шу кунларда мамлакатимизда "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Ушбу ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва ташаббуслар билдирилмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам давлат дастури лойиҳаси муҳокамаларида иштирок этиб, унда кўзда тутилган мақсад-вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда халқ вакиллари олдида турган вазифалар хусусида ўз муносабатини билдирмоқда.

Дилмурод Ортиқов, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:
— Давлат дастури лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан бири атроф-муҳитни асраш йўналишидаги кўп масалалар қатори "яшил" иқтисодиёт билан боғлиқ вазифалар белгиланганидир. "Яшил" иқтисодиёт соҳасида кўтарилган таклифлар алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, “Яшил тадбиркор” платформасини ишга тушириш таклифи илгари сурилаётгани эътиборга молик.
“Яшил тадбиркор” мақомига эга бўлган тадбиркорлар кўплаб қўллаб-қувватлаш чораларига эга бўлади. Энг аввало, бундай тадбиркорларга “Шаффоф қурилиш” платформасида устуворлик берилади. Шунингдек, муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этилади. Шу билан бирга, халқаро бозорларга чиқишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш назарда тутилмоқда.
“Яшил тадбиркор” мақомига эришишнинг талаблари ҳам кўрсатиб ўтилган. Яъни, корхона эгаси атрофни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшса, ўз тадбиркорлиги ҳудудида яшил боғ ташкил этса, циркуляр иқтисодиёт тизимини жорий қилса, умуман, шу билан боғлиқ талабларни бажарса, ўша тадбиркорга “Яшил тадбиркор” мақоми берилади. Мазкур қўллаб-қувватлаш чоралари тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигини очади.

Васила Файзиева, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:
— Таълим соҳаси ёшларимизнинг келажагини белгилаб берувчи пойдевордир. Ушбу пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, келажагимиз шунчалик барқарор бўлади. Бу борада давлат дастури лойиҳасида бир қатор мақсад-вазифалар белгиланган. Жумладан, олий таълимда давлат гранти ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик, техника ва тиббиёт каби йўналишларда давлат буюртмаси 25 мингтага етказилиши белгиланган. Бу билан ушбу соҳаларга ёшларнинг қизиқишини янада оширишга эришилади.
Бундан ташқари, республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида биттадан инклюзив таълим олиш имкониятлари яратилган мактабни босқичма-босқич ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган. Бу эса жойларда имконияти чекланган фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган тарзда таълим олишига хизмат қилади.
Умуман, дастур лойиҳасидаги ҳар бир йўналиш ва мақсад бугунимиз ва эртамиз учун долзарб. Шундай экан, биз халқ вакиллари дастурдан ўрин олган вазифалар аҳамиятини аҳолига етказишда фаол иштирок этишимиз лозим.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА