Давлат дастури ижроси давом этмоқда
Самарқанд вилоятида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури асосида жорий йилда 46 мақсад ва 89 вазифадан иборат чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Жумладан, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий йўналишда 10 мақсад, 25 вазифани ўз ичига олган.
Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаевнинг маълум қилишича, ушбу вазифалар ижроси ҳар ой таҳлил қилиниб, ўз вақтида бажарилиши чоралари кўрилмоқда.
– Энг катта йўналишларидан бири таълим соҳаси бўйича бу йил вилоятдаги 90 та мактабни реконструкция қилиш ва 4 та мактабни янгидан қуриш режалаштирилиб, айни пайтда барча объектларда иш давом этмоқда, – дейди Ҳ.Тўхтаев. – Тажриба синов тарзида умумий ўрта таълим мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш бўйича яна 68 та мактаб танлаб олинган ва бу йил уларнинг умумий сони 204 тага етади. Янги тизим жорий этиладиган мактабларда таълим сифатини мослаштириш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва Самарқанд вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази методик хизмат кўрсатиш бўлимлари методистларидан иборат мутахассислар томонидан семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Шунингдек, янги баҳолаш тизимига ўтказилиши режалаштирилган мактабларга ўз тажрибасини ўргатиши учун 2023 йилда ушбу тизимга ўтган мактабларнинг директор ўринбосарлари ва тажрибали ўқитувчилари бириктирилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган ва “Оқдарё тажрибаси” сифатида қабул қилинган умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларга касбга ўргатишни ташкил этиш бўйича вилоятимиздаги ҳар бир шаҳар ва туманда 5 тадан, жами 80 та мактабда мазкур амалиёт йўлга қўйилди. Бунинг учун улар зарур асбоб-ускуна, жиҳоз ва хомашё материаллари билан таъминланмоқда. Бу мактабларда жами 292 тўгаракда 3900 нафардан ортиқ 10-синф ўқувчиларига 14 та йўналишда касблар ўргатилмоқда. Янги ўқув йилидан яна 80 та мактабда 24 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўргатиш режалаштирилган ва вилоят бўйича 15 минг 300 нафардан ортиқ 10 ва 11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатилади. Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида 16 мактабда иккинчи хорижий тил сифатида немис, француз, япон ва корейс тилларини ўқитиш йўлга қўйилганди. Бу йил иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар сонини ҳам ошириш кўзда тутилган.
Дастур асосида бу йил вилоятдаги олий ўқув юртлари учун давлат-хусусий шериклик тамойили асосида умумий қувватли 2750 ўрин бўлган 7 та талабалар жойи қурилади. Ҳозирда ушбу объектларда ҳам ишлар давом этмоқда. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, турли хавфли касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш йўналишида кенг кўламли профилактика, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида 128 минг нафар аёл кўкрак бези, 11700 нафарга яқин аёл эса бачадон бўйни саратони касалликларини эрта аниқлаш мақсадида скрининг текширувларидан ўтказилди. Кўрик натижалари асосида 1100 нафар бемор саратон олди касаллиги бўйича даволанган бўлса, 88 кишида касаллик аниқланиб, даволаш чоралари кўрилди. Йил якунига қадар яна 585 минг нафар аёлни шу турдаги касалликлар бўйича скринингидан ўтказиш режалаштирилган.
– Дастурда белгиланган чора-тадбирлар асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатини кучайтириш мақсадида имо-ишора тилида мулоқот қилувчи 3256 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига юборилди – дейди вилоят ҳокими ўринбосари. – Йилнинг ўтган даврида имо-ишора тилида сўзлашувчи 1201 нафар ногиронлиги бўлган шахсга сурдо таржимон хизматлари кўрсатилди. Йил якунига қадар ушбу тоифадаги барча ногиронлиги бўлган шахслар сурдо таржимон хизматлари билан қамраб олиниши режалаштирилган. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаатлар билан кириши учун шарт-шароит ва тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида 35 та чорраҳа, 17 та марказий кўча ва 50 та ижтимоий соҳа объектини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш белгиланган. Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги битта кўча ва чорраҳа ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган.
Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида бу йил вилоятда 45 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 25 минг нафардан ортиқ йигит-қизнинг бандлигини таъминлашга эришилган. Хусусан, ишсиз ёшларнинг 1512 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилган, 2029 нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 406 нафарига субсидия, 17231 нафарига эса ер майдони ажратилган. 1917 нафар ёшларга кредит берилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига имконият яратилган.
Маҳаллаларда ўтказилган хатлов натижасида 14 минг 418 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш ва ижобий ҳал этиш мақсадида 735 нафар раҳбарга бириктирилди. Шу пайтгача бу ёшларнинг 3442 нафарига турли йўналишларда кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари, маҳаллалардаги “Ёшлар дафтари” га киритилган 10 минг 600 нафардан ортиқ ёшларга турли кўринишда ёрдам берилиши натижасида уларнинг 5100 нафари дафтардан чиқарилди. Йил якунига қадар яна 10 минг нафар ёшларни ижтимоий дафтарга киритиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.
Кейинги йилларда оммавийлашиб бораётган “Беш ташаббус олимпиадаси” тадбирларида ҳам вилоят ёшларининг иштироки кенгайиб бормоқда. Бу йил вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги 1126 та маҳалладан 10-30 ёшдаги ёшларнинг 27 фоизи мазкур беллашувларда фаол иштирок этмоқда. Улар спортнинг 12, пара спортнинг 5 тури бўйича мусобақаларда қатнашмоқда.
Бир сўз билан айтганда вилоятда давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун мутасадди идоралар ва раҳбарлар масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Лекин йилнинг биринчи ярми ўтган айни пайтда вазифаларнинг бажарилиши кўрсаткичи эллик фоиздан ортгани билан бирга, эллик фоизга етмаганлари ҳам бор. Умид қиламизки, белгиланган юмушлар йилнинг қолган даврида албатта бажарилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири