Давлат бошқаруви соҳасида БАА тажрибаси
Хориж матбуоти саҳифаларида Ўзбекистон
БАА Ахборот агентлиги – “WAM” нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан БАА Инсон ресурслари федерал идораси (FAHR) ҳамкорлик доирасида “Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини бошқариш тизими” мавзусида онлайн-семинар ташкил этилгани ҳақидаги мақолани эълон қилди.
Онлайн-семинарда ҳукумат инсон ресурслари федерал идораси бир қатор виртуал билимларни узатиш сессияларини ўтказиб, Ўзбекистон Республикасининг расмий ҳукумат гуруҳига Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматининг ушбу соҳадаги энг муҳим саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот берди. Инсон капиталини ривожлантириш ва кучайтириш соҳаси, шунингдек, ваколатнинг федерал ҳукумат даражасидаги мавжуд ва келажакдаги энг муҳим ташаббуслари ва стратегик лойиҳалари билан таништирди.
Анжуманда Инсон ресурслари сиёсати сектори ижрочи директори Айша Халифа Ас-Сувайдий, Инсон ресурсларини режалаштириш департаменти директори Марям Аз-Заруний сўзга чиқиб, самарадорликни бошқариш тизимининг норматив-ҳуқуқий асослари, мақсадлари, самарадорликни баҳолашнинг босқичлари, шахсий ва техник компетенциялар, БАА Ҳукумат лидерлик модели, компетентлик даражалари, самарадорликни баҳолашда кўрсаткичлар вазнини ҳисоблаш, унинг натижаларини рағбатлантириш, ёҳуд аппеляцияга бериш тартиби тўғрисида батафсил маълумот беришди.
Онлайн-семинар давомида “Bayanati” рақамли платформасида давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш қай тарзда амалга оширилиши билан таништирилди.
– Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими аниқ ва қоидалар барча учун очиқ бўлиши муҳим, - деди Айша Халифа Ас-Сувайдий. – Хусусан, FAHR томонидан ишлаб чиқилган самарадорликни баҳолаш тизими ва унинг барча қоидалари ташкилот сайтида тўлиқ жойлштирилганлиги сабабли бу жараёнда иш берувчи ҳамда давлат хизматчилари ўртасида келишмовчиликлар камдан-кам юзага келади.
Шунингдек, FAHR сиёсат сектори мутахассиси Аҳмад Ал-Муҳайрий БААда жорий қилинган инсон ресурсларини бошқаришнинг етуклик индекси бўйича тақдимот қилди. Унга кўра, инсон ресурслари амалиётининг етуклик даражасини ўлчаш учун фойдаланадиган механизм функцияларни таснифлашга асосланади.
Инсон ресурсларини бошқариш жараёнлари компетенцияларга кўра тўртта асосий устунга бўлинади: бошқарув, ишга олиш самарадорлиги, ривожлантириш, жалб қилиш. Бу устунлар БАА ҳукуматининг стратегик устуворликларига мос келади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА