“Дарахтга нафас беринг” тадбири давом этмоқда
Она табиат, экология, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш глобал муаммолардан бирига айланган бугунги кунда табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида мамлакатимизда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Мазкур ҳужжатда табиатни муҳофаза қилиш, жумладан, атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат экологик назоратини юритишга оид жуда кўп вазифалар белгиланган, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров. – Айниқса, “яшил” ўсиш тамойилларини жорий этиш, атроф-муҳитга зарарли ташланмаларни қисқартириш ҳамда инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда вилоятимизда қарор доирасида белгиланган ишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, қарорнинг 15- бўлимида вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда волонтёрларни жалб этган ҳолда июль ойи давомида ҳудудларда дарахтларнинг илдиз тизимларини бетон ва асфальт қопламаларидан, уларни турли чироқ мосламаларидан, реклама баннери ва щитларидан бўшатишга қаратилган “Дарахтга нафас беринг” оммавий тадбирларини ўтказиш белгиланган.

Ана шундан келиб чиқиб, Андижон вилояти прокуратураси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Олтинкўл тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган оммавий тадбирда туман ҳудудидаги 30 донадан ортиқ дарахтнинг илдиз тизимлари бетон ва асфальт қопламаларидан, уларнинг юқори қисмлари эса турли чироқ ва ёритгичлардан, реклама баннеридан тозаланди.
“Дарахтга нафас беринг” деб номланган бу каби оммавий тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА