Данғарада “Оналарга эҳтиром” фестивали байрамга айланди
Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ – Ростдан она эрур қиблаи олам. Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.
Бугун Фарғона вилоятининг ҳар бир ҳудудида, маҳалласида ана шундай оналар мадҳ этилган шеърлар жаранг сочмоқда, уларга иззат-икром кўрсатилмоқда. “Оналарга эҳтиром” фестивали катта тантана сифатида нишонланаётгани уларга бўлган меҳрнинг ўзига хос шодиёнаси бўлаётир. Хусусан, Данғара туманида ҳам фестиваль доирасидаги кўрик-танлов ва тадбирлар кўтаринки руҳда ташкил этиляпти. Оналар, опа-сингилларнинг бу каби эҳтиромдан, эъзоздан кўнгиллари қувончга тўлмоқда.

– Она сиймосида, аёл тимсолида ҳаёт ўз ифодасини топган, унинг таърифига тил ожиз, – дейди Данғара тумани ҳокими ўринбосари Шаҳнозахон Ўринова. – Дарҳақиқат, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан оилани оила қиладиган, унга файзу барака олиб келадиган, фарзандларимиз қалбига Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини сингдира оладиган оналаримиз чуқур эҳтиром ва эъзозга муносибдир. Туманимизда ҳам “Оналарга эҳтиром” фестивали юқори савияда ташкил қилинди, 25 та номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, совғалар билан тақдирланди.
Фестивалнинг туман босқичи файзли ўтиб, 150 нафардан ортиқ онахонлар таклиф этилди. Туман ҳокими Шуҳратжон Тожиҳакимов вилоятда илк бор ташкил этилаётган мазкур тадбир фарғоналикларнинг оналарга бўлган юксак меҳр-эҳтиромининг ифодаси эканлигини билдирди. Уларга ўзининг самимий дил сўзларини изҳор этиб, сектор раҳбарлари билан биргаликда гулдасталар тақдим этди.

Санъаткорлар иштирокидаги байрам дастури тадбир иштирокчиларига янада кўтаринкилик бағишлади.
М. Сулаймонов, ЎзА