“Дамас“га нималар юкланган эди?
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими, давлат хавфсизлик хизмати, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармалари ходимлари ҳамкорликда Сирдарё туманида ўтказган тезкор тадбир натижасида 23 миллион 100 минг сўмлик товар моддий бойликларини тўхтатиб қолди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими, давлат хавфсизлик хизмати, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармалари ходимлари ҳамкорликда Сирдарё туманида ўтказган тезкор тадбир натижасида 23 миллион 100 минг сўмлик товар моддий бойликларини тўхтатиб қолди.
Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи хабар берди.
Халқимизда “Ноқонуний савдо – келтирар ғавғо”, деган нақл бор. Буни кўпчилигимиз биламиз ҳам, аммо била туриб амал қилмаймиз. Нафсимизнинг измига кириб, тез ва осон йўл билан бойлик орттиришга уринамиз ва Эсергап Умматалиевга (исми шарифи ўзгартирилган) ўхшаб ўз нафсимизнинг қулига айланиб қоламиз...
М-34 йўлининг “Гулистон – Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Ўзбекистон фуқароси Эсергап Умматалиев бошқарувидаги “ Дамас” русумли енгил автотранспорт воситаси Сирдарё тумани ҳудудида жойлашган “Янгиобод” постида йўл патрул хизмати ходимларида шубҳа уйғотиб тўхтатилади.
Автомобил салонида аниқланган қоғоз қутилар ичидаги маҳсулотларни саноқдан ўтказиш ва процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида ҳайдовчи Эсергап Умматалиев ўзбошимчалик билан ўзига тегишли бўлган автотранспорт воситасини ЙПХ ходимларининг кўрсатмасига бўйсунмай, “қутилиб кетаман” деб ўйлаб, Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳудудига қараб қочишга уринади.
Ҳамкорликда ўтказилаётган тезкор тадбир иштирокчилари ушбу автотранспорт воситасини тезкор кузатувга олиб, Тошкент вилояти Чиноз тумани Эски Тошкент қишлоғи ҳудудидаги боши берк кўчага кирган вақтида тўхтатади ва автомобилни “Сирдарё” чегара божхона постига олиб келишади.
“Дамас” автотранспорт воситасининг салонидаги қоғоз қутилар ҳайдовчи Эсергап Умматалиев иштироки ҳамда холислар гувоҳлигида кўздан кечирилиб, саноқдан ўтказилганида, хорижда ишлаб чиқарилган, тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган тахминий қиймати 23 миллион 100 минг сўмлик ҳар бири 300 миллилитрлик 349 дона “PERSONAL” соч лаки, газ плитасини ёндиришга мўлжалланган, газ тўлдирилган баллончали 958 дона “PROFESSIONAL” “зажигалка”си борлиги аниқланади.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки текширув ва суриштирув натижасида ҳайдовчи Эсергап Умматалиев ўз тушунтириш хатида, ушбу ноқонуний маҳсулотлар Ўзбекистон фуқароси Дамина Файзиевага тегишли эканлигини баён этди.
Божхона декларациясида кўрсатилмаган ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ҳозирда аниқланган мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳа, қонун ҳаммага баробар. Ноқонуний иш қилдингми, жавобини беришга мажбурсан.