Дўппи тикдим ипаклари тиллодан
Ана шу сатрлар билан бошланувчи машҳур қўшиқ садолари остида Андижон вилояти Пахтаобод туманида ўтказилган Дўппи сайли тадбири туман марказидаги бош кўчада миллий либос ва дўппи кийган минглаб йигит-қизларнинг оммавий юриши билан бошланди.
Барҳаёт анъаналар
Ана шу сатрлар билан бошланувчи машҳур қўшиқ садолари остида Андижон вилояти Пахтаобод туманида ўтказилган Дўппи сайли тадбири туман марказидаги бош кўчада миллий либос ва дўппи кийган минглаб йигит-қизларнинг оммавий юриши билан бошланди.
Туман ҳокимлиги, туман Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган сайил доирасидаги тадбирлар туман марказий маданият ва истироҳат боғида давом этди.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчи, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитиш, уларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш, миллий либосларимиз, хусусан, дўппини кенг тарғиб этиш, ёшларда миллий либосларимизга ҳурмат туйғусини кучайтириш, уларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш ҳамда дўппидўзларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир халқ сайлига айланиб кетди.
– Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, – дейди Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ойдиной Ҳайиталиева. – Миллий либосларимиз эса қадриятларимизни англашга хизмат қилади. Афсуски, кейинги йилларда юртимизга кириб келаётган “оммавий маданият” кўринишлари таъсирида, айниқса, ёшларимиз орасида миллий либосларимизга, хусусан, дўппига бўлган муносабат бироз сусайгандай бўлди. Лекин, халқимиз ўзининг қадим тарихи, ўлмас анъана ва қадриятларини асло унутмайди. Шу маънода миллий бош кийимимизни эъзозлаб, бошимиздан қўймай кийсак, фарзандларимиз онгига либослар билан боғлиқ миллий урф-одат ва анъаналаримизни сингдириб борсак, миллий маънавият ва ўзлигимизнинг тобора чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз.
Сайилда чевар, дизайнер ва дўппидўзлар томонидан тайёрланган миллий либослар, дўппилар, ёш мусаввирларнинг ижод намуналаридан кўргазмалар ташкил этилди. Шунингдек, таълим муассасалари, маҳаллаларнинг “Дўппи – миллийлигимиз рамзи” мавзусидаги тақдимотлари ўтказилди.
Кекса момоларимиз, дўппидўз ҳунармандлар иштирокидаги суҳбатлар ёшларнинг дўппи ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.
Момоларнинг айтишича, дўппига тикилган гуллар ҳам ўзига хос маънони англатар экан. Дўппининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туришини, четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳибининг серфарзанд ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади. Хотин-қизлар дўппиларидаги пат боғлами, қушлар тасвири оқилалик рамзи саналади. “Бодом“ безаги эса ҳаёт ва унумдорлик тимсоли, “Илон изи“ нақши эса турли балолардан асровчи тумор сифатида эъзозланган.
Бадиий жамоалар, санъаткорлар томонидан намойиш этилган дастур, ёшларнинг саҳна кўринишлари, ижро этилган шеърлар, рақслар орқали миллий урф-одатларимиз, либосларимиз, дўппи кенг тарғиб этилди.
Якунда тадбирнинг фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

