"CPHI Milan-2026": Халқаро ҳамкорликнинг янги манзиллари
"CPHI Milan-2026" халқаро фармацевтика кўргазмаси доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг халқаро компания ва ташкилотлар вакиллари билан учрашувлари давом этмоқда.
Жумладан, "Mankind Pharma FZ-LLC" компаниясининг Халқаро бизнес йўналиши президенти Balwinder Singh Sethi, "Fosun Pharma" вакили Allen Peng, Швейцариянинг "BioVersys AG" компанияси асосчиси ва бош ижрочи директори Dr. Marc Gitzinger, Мисрнинг "Pharco Corporation" фармацевтика гуруҳи ҳамда Туркиянинг "Bilim İlaç Sanayi ve Ticaret A.Ş." компанияси вакиллари билан мулоқотлар бўлиб ўтди.
Учрашувларда Ўзбекистон фармацевтика бозорида халқаро компаниялар иштирокини кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ва илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, минтақавий бозорларга чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Халқаро компаниялар вакилларига Ўзбекистонда фармацевтика саноати учун яратилган инвестиция имкониятлари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Словениянинг «KRKA» фармацевтика компанияси ҳамда АҚШнинг «AmeriCares» халқаро нотижорат ташкилоти вакиллари билан музокараларда Ўзбекистон бозорида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий дори воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ва маҳаллий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
«AmeriCares» вакили билан мулоқотда аҳолининг сифатли тиббий ёрдам ва зарур дори воситаларига эришиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий аҳамиятга эга соғлиқни сақлаш ташаббуслари ҳамда халқаро ҳамкорликнинг амалий йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашувларда Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқаришини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди.
"CPHI Milan-2026" доирасида давом этаётган учрашувлар Ўзбекистон фармацевтика саноатининг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, янги инвестициявий ва технологик лойиҳаларни шакллантириш ҳамда миллий фармацевтика маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА