COVID-19 бўйича энг сўнгги хабарлар
Ўн миллиардернинг пули барчани эмлаш учун етади
Пандемия даврида ўз бойлигини яхшигина ошириб олган ўн нафар энг йирик миллиардернинг пули бир жойга тўпланса, бутун дунёни вакцина билан таъминласа бўлади, дея баёнот берди БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш журналистлар билан учрашувда.
Британиянинг нодавлат ташкилоти – “Oxfam” маърузасида таъкидланишича, пандемия келтирган инқироз туфайли янада бойиб кетган энг йирик ўн миллиардернинг пули кишиларни эпидемия натижасида қашшоқликка юз тутиш эҳтимолидан сақлаган бўларди", – деди Гутерриш.
Унинг таъкидлашича, бу миқдор “сайёрамиздаги барча одамларни COVID-19га қарши эмлаш учун етарли бўларди”.
ЖССТ: Африкада COVID-19 тарқалиши даҳшатли тус олиши мумкин
Африкада COVID-19 га чалинганлар ва мазкур касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони жуда тез кўпаймоқда. Коронавируснинг янги тури эса борган сари кўпроқ мамлакатга ёйилмоқда. Бу ҳолат вирус тарқалишининг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди ЖССТ мутахассислари.
Илк бор Жанубий Африка Республикасида қайд қилинган штамм Африканинг бошқа мамлакатларини ҳам рекорд даражада тез забт этмоқда.
Ўтган тўрт ҳафта давомида, яъни 29 декабрдан 25 январгача касалланганлар сони аввалги ойга нисбатан 50 фоиз ортган.
Яна бир мутация
Бу – 501.V2 штамми бўлиб, ЖАРда октябрь ойида аниқланган. Касалликни назорат қилиш, вирус кўпайишининг олдини олиш бўйича Европа маркази (ECDC) мутахассислари фикрича, ҳозир коронавируснинг ушбу тури ЖАРда энг кўп тарқалаётган касаллик бўлиб турибди.
Дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу штамм ҳам Буюк Британияда аниқлангани каби жуда тез юқувчан.
2020 йил ўлимлар, фожеалар, чорасизлик йили бўлди!
“Коронавирус 2 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди, 500 миллион киши шу хасталик оқибатида иш ўрнини йўқотди, табиий офат инсониятга 210 миллиард долларлик зиён келтирди. 2021 йил дунёни тиклаш даври бўлиши лозим”, деди БМТ раҳбари Антониу Гутерриш.
"2020 йил глобал миқёсда “annus horribilis” (лотин тилида “даҳшатли йил” маъносини беради) йили бўлди. Инсоният даҳшатли ўлим, фожеа ва чорасизлик билан юзма-юз келди. COVID-19 пандемияси мамлакатларни, иқтисодиётни алғов-далғов қилиб юборди. Қурбонлар сони ошишда давом этмоқда", – деди Гутерриш Бош ассамблея қаршисида сўзга чиқиб.
Мулозимнинг таъкидлашича, дунёда тенгсизлик ортиб, очарчилик кучаймоқда.
"Биз табиатга қарши уруш очдик ва табиат ҳам жавоб зарбасини беряпти. Иқлим инқирози авж оляпти. Ўтган йили табиий офат инсониятга 210 миллиард долларлик зарар келтирди ва қанча-қанча инсонлар ҳаётдан кўз юмди. Инчунин, геосиёсий кескинлик тинчлик йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатимизни йўққа чиқармоқда. 2020 йил одамларнинг ўз уйларини ташлаб, бошқа хавфсиз жойларга кўчиши ҳолати ҳам кучайди, деди Бош котиб.
Қолаверса, ядровий ва кимёвий қурол тарқалиши хавфи ортиши муносабати билан Гутерриш халқаро ҳамжамиятни 2021 йилда дунёни қайта тиклашга чақирди.
Коронавирус пандемиясининг биз билмаган жиҳатлари юзага чиқмоқда
ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг таъкидлашича, вакцина пайдо бўлгандан кейин пандемиянинг биз кутмаган жиҳатлари пайдо бўла бошлаган.
Унинг айтишича, COVID-19 га қарши ишлаб чиқарилаётган турли вакциналар пандемия ниҳоясига умид уйғотади, бироқ янада юқувчан штаммлар пайдо бўлиши олимларни хавотирга солмоқда.
Коронавируснинг мутациялашган варианти Европанинг 49 мамлакатида қайд этилди. Минтақанинг 33 давлатида коронавируснинг "британча" кўриниши, 16 мамлакатида эса “Жанубий Африка" варианти аниқланган.
Бразилияда бир йўла иккита штамм билан касалланган бемор қайд этилди
Бразилиянинг компьютер фанлари бўйича Миллий лабораторияси берган маълумотга кўра, икки беморда SARS-CoV-2нинг турли генеалогик йўналиши патогени аниқланган. Вируснинг бири ЖАРда аниқланган E484K тури бўлиб чиқди.
Иккала штамм билан ҳам касалланганига қарамай, беморларда хасталик енгил кечяпти. Олимларнинг таъкидлашича, улар касалхонага ётқизилмаган.
Тадқиқотлар Риу-Гранди-ду-Сул штатида коронавируснинг бир йўла бешта штамми кезиб юрганини кўрсатди.
Канадада эр-хотин навбатда турмай эмлангани учун суд қилинади
Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси Юкон ҳудудида коронавирусга қарши эмланиш учун навбатда турмай Ванкуверга учиб келган эр-хотин энди суд олдида жавоб беради, дейди “Global News” телеканали мухбири.
Род Бейкер ва унинг рафиқаси Екатерина Бейкер Ванкуверда “Moderna” вакцинасини навбатда туриб олиши керак эди. Жуфтлик навбатсиз вакцина олиш учун ўзларини, гўё, ҳаётий зарур соҳа ходими қилиб кўрсатган. Улар, ҳатто, икки ҳафталик карантин тартибига ҳам амал қилмаган.
Тартиббузарлар аллақачон жаримага тортилган. Энди улар олти ойга қамалиши ҳам мумкин.
Коронавируснинг "Жанубий Африка” шакли АҚШда ҳам аниқланди
Коронавируснинг "Жанубий Африка" варианти пайдо бўлгани ҳақда илк бор АҚШнинг Жанубий Каролина штати Соғлиқни сақлаш ва атроф муҳитни назорат қилиш департаменти маълум қилди.
Вирус юқтирган шахснинг номи ва у яқин орада қаерга сафар қилгани ошкор этилмаяпти.
Коронавирусдан табиий ҳимоячи топилди
Ўпкада ишлаб чиқиладиган мелатонин гармони коронавирусга қарши тўсиқ бўлиб хизмат қиларкан. Бразилиянинг Сан-Паулу университети олимлари шундай хулосага келишди, деб ёзади “Melatonin Research” журнали.
Олимлар изоҳича, мелатонин оқсилларни кодлайдиган генларнинг вирус кирадиган нуқталардаги экспрессиясини бартараф этади. Шу орқали гармон тўқималарнинг инфекцияга учрашини бартараф этади. Натижада вирус нафас олиш йўлида бир неча кун туриб, сўнг бошқа ташувчини топиш учун чиқиб кетади.
Тадқиқот муаллифлари фикрича, бу ихтиро айримлар нега коронавирусга чалинмаслиги ва ёки бошқа яна кимдир вирус юқтиргани тасдиқланган бўлса ҳам хасталикни белгисиз ўтказиши сабабини тушунишга ёрдам беради. Бундан ташқари мелатонинни бурунга томчилатиш ёки пуркагич ёрдамида юбориш билан COVID-19 ривожланишини тўхтатишда фойдаланса ҳам бўлар экан.
Нидерландияликлар чекловларга чидай олмаяпти
Нидерландияда COVID-19 бўйича чекловлар жорий қилингани ва қатор шаҳарларда комендантлик соати давом этаётганига қарши бир неча кундан буён оммавий чиқишлар давом этмоқда. Оммавий ахборот воситалари ёзишича, полициячилар Харлем ва Роттердамда намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.
Тартибсизликлар Амерсфорт ва Хертогенбосда ҳам кузатиляпти.
ЖССТнинг Уханга келган экспертлари карантиндан чиқди
COVID-19 коронавируси келиб чиқиши сабабларини ўрганиш учун 14 январь куни Хитойнинг Ухан шаҳрига келган ва ўша куниёқ 14 кунлик мажбурий карантинга олинган ЖССТ халқаро экспертлари карантиндан чиқишди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь маълум қилди.
Хабарда ЖССТ экспертлари карантин даврида ҳам хитойлик ҳамкасблари билан фаол равишда маълумот алмашишгани айтилган.
Экспертлар таъкидлашича, айни пайт вирус манбасини топиш эмас, балки оралиқ ҳалқани аниқлаш муҳимроқ. Зеро, Яқин Шарқ респираторли синдромининг ҳам манбаси ҳалигача маълум эмас. Муаммони бартараф этиш учун оралиқ занжирни аниқлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод РАҲИМОВ тайёрлади.
ЎзА