Cифат кўрсаткичлари яхшиланмоқда
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилиши самарасида бандликда меҳнат унумдорлиги юқори бўлган соҳалар улуши тобора ортмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилиши самарасида бандликда меҳнат унумдорлиги юқори бўлган соҳалар улуши тобора ортмоқда.Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида аҳоли иш билан бандлигидаги сифат ўзгаришларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг аҳамиятига бағишлаб ўтказилган матбуот брифингида шу ҳақда сўз юритилди.
Инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах”, “Ангрен” махсус индустриал зоналари ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантириш имконини кенгайтирди. Андижон ва Хоразм вилоятларида енгил автомобиллар, Самарқанд шаҳрида автобус ва юк машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Франциянинг “Текнип” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Швейцариянинг “АББ” компанияси билан биргаликда Шўртан газ-кимё мажмуаси, Хитойнинг “СИТИК” компанияси билан ҳамкорликда Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи сингари йирик ишлаб чиқариш объектлари фаолият кўрсатмоқда.
Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган майдонлар кенгайтирилиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми икки баробар ўсди.
2000 йилда ишга лаёқатли аҳолининг 34,4 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлаган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 27,5 фоизни ташкил этди. Саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш сингари меҳнат унумдорлиги юқори бўлган тармоқларда бандлик кўрсаткичлари ошгани қайд этилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Босит Тоҳиров. – Оилавий тадбиркорлик, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига берилаётган имтиёз ва преференциялар, кичик бизнес субъектлари учун солиқ юкининг енгиллаштирилиши натижасида бугунги кунга келиб тармоқнинг бандликдаги улуши 77,2 фоизга етди.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.