“Чуя” – тоғ бағридаги туризм маҳалласи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота туманида жойлашган Чуя туризм маҳалласи бугунги кунда экологик, агротуризм ва этнотуризм йўналишларида жадал ривожланаётган ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Нурота тоғлари бағрида, бетакрор табиат қўйнида жойлашган ушбу маҳалла мусаффо ҳавоси, сокин муҳити, миллий қадриятларга бой турмуш тарзи ва меҳмондўст аҳолиси билан маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Ҳудуднинг туризм салоҳияти, мавжуд инфратузилмаси ва хизматлар кўлами кенгайиб бораётгани инобатга олиниб, 2025 йилда Чуя маҳалласига расман “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Бу эса ҳудудда туризмни янада ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида маҳалланинг туристик жозибадорлиги янада ортиб, бугунги кунда бу ерга йилига ўртача 5 минг нафар хорижий ва 120 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрмоқда.
Айни пайтда маҳаллада 40 дан ортиқ меҳмон уйлари ва дам олиш масканлари фаолият юритмоқда. Туристларга миллий ва замонавий услубда хизмат кўрсатувчи ушбу масканларда барча қулайликлар яратилган. Хусусан, ноанъанавий ёғоч уйлар, замонавий глемпинг объектлари ҳамда тоғ манзаралари узра ташкил этилган дор йўли сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
[gallery-29489]
Чуя туризм маҳалласида жами 15 турдаги туристик хизматлар йўлга қўйилган. Улар орасида гилам тўқиш, миллий ҳунармандчилик намойишлари, эчки сутидан тайёрланган сут маҳсулотлари ва қурт ишлаб чиқариш жараёнлари, миллий таомлар тайёрлаш бўйича гастрохонадонлар, экскурсия хизматлари, отда сайр, агротуризм, сигир ва эчки соғиш жараёнлари, нон ёпиш бўйича мастер-класслар ҳамда миллий куй-қўшиқ кечалари алоҳида ўрин тутади.
Маҳалланинг асосий устунликларидан бири — унинг бой табиати ва экологик муҳитидир. Нурота тоғлари, адирликлар, булоқлар ва табиий манзаралар экотуризмни ривожлантириш учун кенг имконият яратмоқда. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг миллий урф-одатлари, ҳунармандчилик анъаналари ва гастрономик маданияти туристларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ҳозирда маҳаллада туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш, янги дам олиш масканларини ташкил этиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Бу эса Чуя маҳалласининг ички ва ташқи туризм бозорида рақобатбардош туристик манзил сифатида ривожланишига хизмат қилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА