Чорвачилик соҳасида мутахассислар тажриба алмашди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) билан ҳамкорликда “Ўзбекчорванасл” агентлигининг ҳудудий “Чорванасл” марказлари техник-оссеминаторларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатимизда Туркия билан чорвачиликнинг бошқа тармоқларини янада ривожлантириш бўйича бир қатор режали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, икки давлат ўртасида чорвачилик маҳсулотларининг товар айланмасини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, инвесторларга чорвачилик маҳсулотлари савдосига кенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор халқаро ветеринария сертификатлари лойиҳалари имзоланган.
Тадбирда қайд этилиишича, чорвачилик соҳасида наслчилик селекция ишларини янада ривожлантириш мақсадида икки давлат мутахассисларининг тажриба алмашинувлари, озуқа экинлари уруғчилигини ривожлантириш, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг жорий этилишида ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, дастурлар доирасида ўтган йил давомида Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида жами 160 нафардан ортиқ техник осеменаторлар малакаси оширилди. Бунинг натижасида ушбу мутахассислар томонидан икки йиллик давр мобайнида аҳоли хонадонларида парваришланиб келинаётган 220 минг бошдан ортиқ қорамоллар сунъий уруғлантирилиб, 180 минг бош насли яхшиланган бузоқлар олинишига эришилди.
Малакаси оширилган ва сертификатларга эга бўлган техник осеменаторлар Туркия давлатининг мутахассисларидан ўрганган билим ва амалий кўникмаларини бошқа мутахассисларга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ўргатиш мақсадида Қашқадарё вилоятида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ўқув-амалий маркази ташкил этилди.
Туркия халқаро чорвачилик илмий-тадқиқот маркази мутахассиси Даря Шахиннинг таъкидлашича, Туркиянинг Халқаро чорвачилик илмий - тадқиқот маркази мутахассислари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Тошкент вилоятларида ўқув амалий семинарлар ўтказилиб, 150 нафардан ортиқ техник-осеменатор мутахассиларининг малакаси оширилди.
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги томонидан мамлакатимиздаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг техник-осеменаторларига 30 та ветеринария УЗИ сканери, 30 та техник осеменатор сумкалари ҳамда 30 та дьюар идишларни грант сифатида берилишига келишилди.
Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида ўзаро Англашув меморандуми имзоланиб, бугунги кунда балиқларни интенсив усулда парваришлаш бўйича мутахассислар ташрифи кутилмоқда.
Бундан ташқари паррандачиликда оилавий коперацияларни ташкил этиш ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда озуқа экин уруғчилигини шакллантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши юзасидан Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги билан биркаликда муҳокамалар олиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА