Чорва молларини ўғирлаган гуруҳ аниқланди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматининг хабарига кўра, вилоятнинг Бухоро шаҳар, Бухоро ва Когон туманлари ҳудудида содир бўлган чорва мол ўғирликларини фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу турдаги ўғриликларни содир қилиб келаётган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди. Ҳудудларда мавҳум ҳолатда содир этилган 5 та жиноят фош этилди.
Жорий йилнинг 8 апрель куни Бухоро шаҳар Лоша маҳалласида яшовчи фуқаро Ю.Ё.нинг баҳоси 1 миллион сўмлик бир бош қўйи, 11 апрель куни шаҳарнинг “Отбозор” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.С.нинг ҳар бирининг баҳоси 1 миллион сўмлик икки бош қўйи, 12 апрель куни эса Когон туман “Когон” маҳалласида яшовчи, фуқаро Р.А.нинг баҳоси 5 миллион 200 минг сўмлик 3 бош қўйи ва 1 бош қўзиси, 13 апрель кунидан 14 апрель кунига ўтар кечаси Бухоро тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи И.Қ.нинг ҳар бирининг баҳоси 1миллион 300 минг сўмга тенг бўлган 3 бош қўйи, худди шу тунда туман марказидаги Зарафшон кўчасида яшовчи фуқаро Н.О.га тегишли бўлган ҳар бирининг баҳоси 1 миллион 800 минг сўмга тенг бўлган икки бош қўчқори яширин равишда ўғирлаб кетилганлиги тўғрисида Ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига хабарлар келиб тушган.
Ҳар бир хабар юзасидан тегишли туман ва шаҳар Ички ишлар органларининг тергов-тезкор гуруҳлари ҳодиса содир бўлган жойга чиқиб, зарурий суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган. Ушбу бешта ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Мазкур жиноятларнинг объектив ҳамда субъектив томонлари, жиноят содир этилишининг факультатив белгилари таҳлил қилинган ҳолда аниқланган умумий жиҳатлардан келиб чиқиб, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари подполковник Мансур Қодиров бошчилигида вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда ушбу шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг ходимларидан иборат алоҳида тергов-тезкор гуруҳлари тузилган. Вилоят бўйлаб кенг миқёсли тезкор суриштирув, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятлар 3 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ томонидан содир қилинганлиги аниқланган.
Жумладан, жиноий гуруҳ ташкилотчиси 1999 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 109, 166, 169-моддалари билан судланган Бухоро тумани Гала Осиё маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Ш. бўлиб, ўғрилик содир қилинадиган хонадонларни аниқлаб кўздан кечирган ҳолда жиноий шерикларга вазифаларни тақсимлаб берган. Ўғрилик содир қилинадиган манзилларга бошлаб борган. Жиноий гуруҳнинг иккинчи аъзоси 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 277-моддаси билан судланган, Бухоро тумани Нометан маҳалласида яшовчи фуқаро К.Ж. бўлиб, у жиноятларни содир этишда бевосита иштирок этиб, ўғриланган чорва молларни бошқарувидаги Матиз русумли автомашинасида бозорга олиб бориб сотишда етакчилик қилган. 1999 йилда туғилган, Бухоро шаҳар Отбозор маҳалласида яшовчи фуқаро Т.У. эса жиноий гуруҳнинг учинчи аъзоси бўлиб, бошқарувидаги оқ рангли Матиз русумли автомашинада ҳайдовчилик қилиб, жиноий шерикларини воқеа жойига олиб бориб келганлиги аниқланган.
Жиноий гуруҳни қўлга олиш жараёнида 2 бош қўй, 2 бош қўзичоқ ва ўғриланган чорва молларни сотишдан тушган 5 миллион 190 минг сўм нақд пуллар ҳамда ўғрилик жиноятини содир қилишда фойдаланилган Матиз русумли автомашина тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда, жиноий гуруҳнинг фош этилмай қолган бошқа жиноятларга алоқадорликларини аниқлаш мақсадида тезкор-суриштирув ҳамда жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА