Чортоқсой соҳилида янги шифохона
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида янги шифо маскани – “Шифо мадад” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида янги шифо маскани – “Шифо мадад” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ишбилармон юртдошларимизни иқтисодиётнинг барча йўналишлари, хусусан, ижтимоий соҳаларда ҳам эл-юрт манфаатига хизмат қилувчи лойиҳаларни амалга оширишга ундамоқда. Жумладан, жойларда фойдаланилмаётган, бўш ва қаровсиз ҳолда ётган бино ва иншоотларнинг ташаббускор, салоҳиятли тадбиркорларга имтиёзли шартлар асосида берилаётгани ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, обод қилиш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
“Шифо мадад” ташхис ва даволаш муассасаси ҳам ана шундай имконият самарасидир. Тадбиркор Маликжон Усмонов ва шифокор Тоҳиржон Мўминов томонидан Чортоқсой соҳилидаги икки қаватли фойдаланилмаётган маъмурий бино ижара шартномаси асосида олиниб, 360 миллион сўмликдан зиёд реконструкция ишлари амалга оширилди. Хориждан 320 миллион сўмлик энг замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар келтирилиб, муассасада соғлиқни сақлаш тизими меъёрий стандарти талабларига тўла жавоб берадиган шароит яратилди.
– Мазкур лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Чортоқ тумани филиалидан олинган 300 миллион сўмлик кредит маблағи қўл келди, – дейди бош шифокор Тоҳиржон Мўминов. – Давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, шифохона фаолиятини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Янги шифохона ўз фаолиятини “Соғлом келажак учун” хайрия акцияси билан бошлади. Тадбирда тумандаги 24-мактабгача таълим муассасаси кичкинтойлари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Қирқ ўринга мўлжалланган янги шифо масканида хорижнинг етакчи фирмаларида ишлаб чиқарилган клиник ва биохимик лабораториялар, автомат анализаторлар, ИФА, УЗИ-доплер каби замонавий аппаратлар ёрдамида асаб тизими, урология ва ички касалликлар бўйича аниқ ташхис қўйиш ва беморларни стационар тартибда даволаш ишлари бошланди. 11 нафар шифокор, 14 малакали ҳамшира хизматидан даволанувчилар мамнун.
Янги шифо маскани ишга туширилиши билан 50 иш ўрни яратилди. Эътиборлиси, уларнинг ўн нафари ўтган йили касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.