Чўлпон-Отада бошланган янги саҳифа: Ўзбекистон-Қирғиз Республикаси иттифоқчилиги минтақада янги геосиёсий воқеликни шакллантирмоқда
Сўнгги йилларда Марказий Осиё геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан мутлақо янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқалар шунчаки яхши қўшничилик тамойилларидан ўтиб, стратегик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига амалга оширган навбатдаги давлат ташрифи ва Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ушбу геосиёсий трансформациянинг мантиқий давоми ва энг юқори нуқталаридан бири бўлди.
Ушбу ташрифнинг минтақавий хавфсизлик, иқтисодий интеграция ва геосиёсий барқарорлик учун стратегик аҳамияти нимада?
Ташрифнинг энг муҳим сиёсий ва ҳуқуқий натижаси — Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланганидир. Бу шунчаки навбатдаги дипломатик ҳужжат эмас, балки икки томонлама муносабатлар институционаллашувининг энг юқори босқичи ҳисобланади.
Агар илгари томонлар ўртасидаги муносабатлар кўпроқ декларатив ва жадал мулоқот шаклида олиб борилган бўлса, эндиликда улар ягона ва мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворга эга бўлди.
Икки мамлакат Президентлари раислигида тузилаётган Давлатлараро кенгаш қабул қилинаётган стратегик қарорларнинг ижросини оператив мувофиқлаштириш ва сиёсий иродани тезкор амалга ошириш механизми бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодий таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги йилларда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми деярли 10 баробарга ошиб, 1,2 миллиард доллардан ошгани кузатилди. Бироқ мавжуд иқтисодий ва логистик потенциал бу кўрсаткични яқин истиқболда 3 миллиард долларга етказиш имконини беради.
Бу мақсадга эришиш шунчаки оддий савдо-сотиқни кенгайтириш эвазига эмас, балки чуқурлаштирилган саноат кооперацияси орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида қўшма қиймат занжирлари яратилмоқда.
Қўшма Инвестиция фонди икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва ишбилармон доираларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун ресурсларни сафарбар этмоқда.
Йил якунига қадар ўтказилиши режалаштирилаётган биринчи ҳудудлар форуми эса “марказ-ҳудудлар” ўртасидаги вертикал ва горизонтал иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқади.
Геосиёсий беқарорлик ва глобал таъминот занжирлари узилаётган ҳозирги даврда Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини ошириш ҳаёт-мамот масаласига айланди. Ташриф доирасида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида эътибор марказида бўлди.
Ушбу магистраль шунчаки уч тарафлама лойиҳа эмас, балки бутун Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ ҳамда Европа бозорлари билан боғловчи муҳим муқобил қуруқлик йўлакларидан бирига айланади.
Темир йўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, божхона ва ўтказиш пунктларидаги тартиб-таомилларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда ягона тариф сиёсатини шакллантириш минтақанинг йирик транзит ва логистика хабига айланиши учун янги имкониятлар яратади.
Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликнинг энг нозик устунларидан бири — бу сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишдир. Кўп йиллар давомида ушбу масала минтақада зиддиятли мавзу сифатида қараб келинган бўлса, бугунги кунга келиб у ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорлик майдонига айланди.
Олий даражадаги музокараларда “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши лойиҳасини амалий босқичга ўтказиш ва тегишли шартномаларни тезлаштириш муҳим йўналиш сифатида белгиланди.
Ушбу лойиҳа Қирғиз Республикасининг қишги мавсумда электроэнергияга бўлган эҳтиёжини қондиради ва экспорт салоҳиятини оширади.
Шу билан бирга, Жанубий вилоятлар ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ерлари учун ёзги суғориш мавсумида сув манбаларининг тизимли кафолатини яратиб, “яшил” энергетика улушини ошириш орқали экологик барқарорликка хизмат қилади.
Соҳада “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш, шунингдек, Иссиқкўл вилоятидаги курорт-рекреация объектлари бўйича ҳуқуқий масалаларнинг узил-кесил ҳал қилиниши икки мамлакат ўртасида узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган энг мураккаб муаммолар ҳам сиёсий ирода ва оқилона муроса орқали ечилиши мумкинлигини кўрсатди.
Ҳар қандай сиёсий ва иқтисодий иттифоқнинг бардавомлиги жамиятлар ўртасидаги ишонч ва гуманитар алоқалар билан ўлчанади. Олий даражадаги учрашувлар доирасида имзоланган ҳужжатлар пакети айнан фуқаролар манфаатларига йўналтирилгани билан ажралиб туради.
Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари ва чегарадан ўтиш режимини соддалаштириш ижтимоий ва оилавий ришталарни мустаҳкамлайди. Ижтимоий суғурта ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим меҳнат миграцияси ва ижтимоий ҳимоя соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқларини тенг таъминлашга хизмат қилади. Олий таълим ва академик мобиллик, таълим кредитлари ва дипломларни ўзаро тан олиш ҳамда ректорлар форумлари эса ёшлар ўртасида муштарак дунёқарашни шакллантиради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофоти — I даражали “Манас” ордени билан тақдирланиши нафақат давлат раҳбарининг шахсий дипломатик хизматларига, балки икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик муносабатларини тиклаш йўлидаги умумий ютуқларга берилган муносиб баҳо бўлди.
Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг Қирғиз Республикасига амалга оширган давлат ташрифи Марказий Осиёда шаклланаётган янги сиёсий муҳит вақтинчалик ҳолат эмас, балки узоқ муддатли ва институционал асосларга эга бўлиб бораётган жараён эканини исботлади.
Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасининг иттифоқчилик даражасига кўтарилиши минтақавий барқарорлик ва хавфсизликнинг янги кафолати бўлиб хизмат қилади. Бу геоиқтисодий блоклашув ва ташқи хавф-хатарлар шароитида ички ресурсларни сафарбар этиш имконини беради ҳамда Марказий Осиёнинг ягона, жипслашган ва глобал геосиёсатда ўз сўзига эга бўлган субъект сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Бугун Чўлпонотада қўйилган қадамлар нафақат бугунги авлод, балки минтақанинг келажакдаги барқарор ва фаровон ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Иброҳимжон Сайдуллаев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти