Чўлпон ҳаёти ҳақида фильм
Улуғ шоир, маърифатпар инсон Абдулҳамид Чўлпон ҳаёт йўли ҳақида кўп маълумотлар очиқланмаган.
Саноқли инсонларгина адибнинг асл тарихини ўрганган. Аммо уларни ошкор этишга минбар топа олмаган. Китоб ҳолида чоп этишга эса анча йиллар рухсат бўлмаган.
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Кино уйида тақдимоти ўтказилган Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Media Illusion” студияси томонидан суратга олинган Чўлпон ҳаёти ва ижоди ҳақидаги «Қуш эсдалиги» ҳужжатли фильмида Чўлпон ҳаёт йўлидаги бор ҳақиқатлар очиб берилган.
Картина Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамкорлигида суратга олинган бўлиб, муассаса томонидан пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонидаги Чўлпон ҳайкали пойида мунтазам тадбирлар ўтказилади. Академияда Чўлпон ижодини ўрганишга бел боғлаган талабалар сони ҳам кўп. Тақдимот олдидан академиянинг фаол курсантлари иштирокида саҳна чиқишлар намойиш этилди. Адабиётшунос олимлар Чўлпон ҳаётига оид маърузалар қилишди.
– Чўпон ҳаёт йўли шунчалар ранг-барангки, у ҳақда турли жанрларда фильмлар ишланган, –дейди академик Наим Каримов.– Маълум муддат у ҳақдаги ҳақиқатлар ошкор этилмади. Яқингача ҳам бунга рухсат йўқ эди. Чўлпон ҳаёт йўли ва ижоди акс этган ҳужжатли фильмда айрим ҳақиқатлар ошкор этилганидан хурсанд бўлдим. Картинада архив ҳужжатлардан фойдаланилган. Актёрлар ҳам ролларни сидқидилдан ижро этган. Кадрларда ўша давр муҳити, маданияти ва босқинчилик тузуми вақтида ҳаёт кечирадиган инсонлар қисмати ҳам очиб берилган.
Кинокартина Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида яратилган. Ушбу картина Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб суратга олинган.
Картина сценарийсини Эркин Бозоров ёзган. Режиссёр ва продюсер Ҳусан Рашидов.


Д. Маматова, ЎзА