Чиқиндисиз театр ҳақида эшитганмисиз?
Буюк Британиянинг биринчи чиқиндисиз театри – “Greenhouse” санъат орқали иқлим ўзгариши бўйича хабардорликни оширишга қаратилган маскан ҳисобланади.
Лондонда бутунлай қайта ишланган материаллардан барпо этилган театр томошабинларни санъатга ҳам ижодий, ҳам экологик нуқтаи назардан ёндашишга чақиради.
Бино томини тиклашда қуёш нуридан унумли фойдаланиш орқали энергия сарфини имкон даражасида камайтириш имконини берувчи материаллар ишлатилган. Ҳудуд тўлиқ майса билан қопланган. Саҳна декорацияси ва либосларни сотиб олиш мумкин. Қолаверса, фойдаланишга яроқли буюмлар муҳтож кишиларга ёки жамоаларга тарқатилади.
Театр, асосан, ёзда фаолият кўрсатади. Масалан, жорий йил томошабинлар учун 16 та спектакль намойиш қилиняпти.
– Санъат бизга иқлим, ҳарорат қандай ўзгаришини, тропик ўрмонда юз берадиган ёғингарчилик миқдори қанча бўлшини айтмаслиги мумкин, бироқ табиатга, атроф-муҳитга муносабатни ўзгартиришимизга ёрдам беради, – дейди “Greenhouse” асосчиси ва бадиий раҳбари Олли Севиж.
ЎзА