Чиқиндиларни жамлаш борасида инновацион ёндашув
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва тозалигини таъминлаш, мусаффо иқлимга алоҳида эътибор қаратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Наманганда вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан замонавий ерости чиқинди жойлаш шохобчасини ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Ушбу ташаббус қўллаб-қувватланиб, лойиҳа ижроси қисқа вақтда таъминланди.
Наманган шаҳрининг Оби ҳаёт маҳалласидаги “24/7” тартибида хизмат кўрсатишга мўлжалланган Ҳуррият кўчаси, яъни “Уч фаввора” хиёбони ёнида барпо қилинган ерости чиқинди сақлаш мажмуаси фойдаланишга тайёр бўлди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов ушбу инновацион объект билан яқиндан танишди. Ҳар бири 500 килограммдан, жами уч тонна чиқинди жамлайдиган олтита қутининг ишлаш жараёни кузатилди. Креатив ёндашув маъқулланиб, бундай майдонлар сонини кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Дарвоқе, уларнинг устки қисми ҳудуд кўринишига мос тарзда тартибли ва замонавий кўриниш олади. Ҳозирга қадар қурилмаларнинг учтаси битказилди.
Ихчам ва самарали шундай қурилмалардан кўзланган мақсад эса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш асносида аҳолининг экологик маданиятни юксалтириш, Халқаро гуллар фестивалига ташриф буюрадиган сайёҳлар, юртимизнинг турли ҳудудларидан келадиган меҳмонлар учун Наманган шаҳрининг жозибадорлигини оширишдир.

Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Максумовнинг қайд этшича, ушбу маскан ишлаш тартибига мувофиқ, йирик ҳажмдаги қутилар тўлиши билан махсус қурилма автоматик тарзда “Мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамияти ҳамда бошқармага сигнал юборади ва чиқиндилар махсус машинада белгиланган полигонга олиб кетилади. Чиқинди бошқаруви тизимини такомиллаштиришга хизмат қилувчи бундай жойларни келгусида Янги Наманган ва Давлатобод туманларига ҳам ўрнатиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА