Чиқиндиларни қайта ишлашдаги тажрибалар
Сўнгги йилларда Бухорода ҳам экологик муаммолардан энг каттаси бўлган чиқинди билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал қилиш, хусусан уни қайта ишлаш йўналишида каттагина муваффақиятларга эришилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводининг иш бошлагани мазкур масаланинг ижобий ечими бўлди, десак хато эмас. Президентимиз жорий йил 19 февраль куни Атроф-муҳитни асраш ва чиқиндиларни бошқаришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, бу борадаги долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Шундан келиб чиқиб, Бухорода кўплаб янги режалар ишлаб чиқилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида дастлабки кўтарилган долзарб масалалардан бири атроф-муҳитга салбий таъсир қилаётган чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, бу йўналишда саноатни ривожлантириш орқали янги ишчи ўринларини яратишга қаратилган эди. Шунга мувофиқ, Когон туманида бугунга келиб яхлит кластер фаолияти йўлга қўйилди. Корхона учун биринчи босқичда 1,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Иккинчи босқичда 5,5 миллиард сўмга заводнинг асосий ишлаб чиқариш бинолари қурилди. Банк томонидан ажратилган 6 миллион АҚШ долларидан зиёд кредит ҳисобидан лойиҳа тўлиқ амалга оширилди. Хитойда ишлаб чиқарилган чиқиндиларни саралаш линияси ўрнатилди. У ҳозирда бир кеча-кундузда 450 тоннагача чиқиндини қабул қилиш қувватига эга.

– Шу кеча-кундузда чиқиндиларни қайта ишлаб, пластик идишлар ишлаб чиқаряпмиз, – дейди корхона таъсисчиси Насриддин Рашидов. – Кўмир брикетлари, шиналардан ёқилғи, қоғоз, жами 14 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқариляпти. Чет элда чиқиндини ёқиб пар ҳосил қилиняпти, кейин пардан электр энергия олиняпти. Завод атрофида айнан мана шу таклиф билан 900 гектар иссиқхона қураяпмиз. Охирги технологияни олиб келсак, чиқиндиларни қайта ишлашимиз тезлашади.
Заводнинг чиқиндиларни саралаш линиясида конвейер асосида дастлаб оғир жисмлар – металл, тош ва шиша, сўнгра яроқсиз резина ва автошиналар, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шабба ва хазон, макулатура, қурилиш чиқиндилари, пластик идишлар, яроқсиз ва қийқим матолар сараланади. Барча жараён тўлиқ ва ярим тўлиқ автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.
Чиқиндилардан тайёрланаётган иситиш қозонхоналарида фойдаланиладиган муқобил пиролиз ёқилғиси, брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, пишган ғишт, биогумус ва бошқа маҳсулотлар харидоргир. Ҳозирги пайтда чиқиндиларни ташиш хизмати, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш цехлари ва бошқа ёрдамчи бўлинмаларда 400 га яқин аҳолининг бандлиги таъминланган.
– Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон, Қоровулбозор туманларидан йиғиладиган чиқиндилар келтирилиб сараланиб, қайта ишланади, – дейди “Махсусавтохўжалик” корхонаси директори Алишер Назаров. – Ишлаб чиқариш талабларини олсак, оддийгина резина шиналардан иккиламчи ёқилғи ишлаб чиқарилади. Ушбу иккиламчи ёқилғи ҳозирги кунда иссиқхоналарга газ сифатида етказилади. Кўмирни ишлаб чиқариш учун газ ишлатилмайди. Ўзимиздан чиққан иккиламчи энергия ёқилғиси билан кўмир ишлаб чиқарамиз. Пластмассалардан эса гранула ишлаб чиқарамиз. Ушбу гранулаларга талаб ҳозирги кунда жуда катта. Тадбиркорлар импорт қилиб олиб келмасдан ўзимиздан сотиб оляпти.

-–Ташкилотимиз вилоятнинг 4 та ҳудудида, яъни Жондор, Пешку, Қоракўл, Олот туманларида хизмат қилиб келяпти, – дейди “Тоза ҳудуд” ДУК директори ўринбосари Бекзод Дилиев. – 4 та туманда 48 та махсус техника мавжуд. Махсус техникалар билан кунига 700 кубгача маиший чиқинди олиб чиқиляпти. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва унинг экологияга таъсирини камайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу амалий ишларни бажаришда бизнинг олдимизда ҳам кўплаб вазифалар қўйилган..
Маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, бугун нафақат Когон туманидаги кластер чиқиндиларни қайта ишлаяпти. Балки вилоятнинг 6 та туманида турдош корхоналар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳам соҳа ривожида муҳим ўринни эгалламоқда.
[gallery-16165]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари