Чиқиндиларни бошқариш тизимидаги ишлар сарҳисоб қилинди
Бугун экология ва атроф-муҳит масалаларига эътибор қаратилар экан, чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам доимий назоратда бўлиб келмоқда. Ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларининг олдини олиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, замонавий рақамли технологияларни соҳага кенг жорий этиш ҳамда санитария хизматлари сифатини янада оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда "Махсустранс" ДУК ҳамкорлигида республикада чиқиндиларни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган санитария-тозалик хизматлари сифатини ошириш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиш жараёнларини ўрганиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида Миробод туманида жамоатчилик назорати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши раиси Шаҳноза Умархўжаева, "Махсустранс" ДУК раиси ўринбосари Исмоил Саъдуллаев, партия вакиллари ҳамда ташкилот ходимлари иштирок этди.

Жамоатчилик назорати давомида Миробод туманида аҳолига сифатли санитария хизматларини кўрсатиш мақсадида 34 та махсус чиқинди ташувчи техника фаолият юритаётгани маълум қилинди. Таъкидланганидек, ушбу техникалар орқали маиший чиқиндилар белгиланган график асосида ўз вақтида йиғиб олинмоқда ва махсус полигонларга олиб чиқилмоқда.
Масъулларнинг маълумотига кўра, чиқиндиларни ташувчи махсус техникаларга ГПС кузатув тизимлари ўрнатилган. Ушбу тизим орқали ҳар бир махсус автомашинанинг ҳаракат йўналиши, иш вақти, белгиланган маршрут бўйича ҳаракатланиши ҳамда хизмат кўрсатиш сифати онлайн тарзда назорат қилинаётгани, бу эса иш самарадорлигини ошириш, ортиқча ёқилғи сарфини камайтириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, филиал томонидан контейнер майдончаларининг санитария ҳолатини мунтазам назорат қилиш, уларни ўз вақтида тозалаш, махсус техникаларнинг узлуксиз ва соз ҳолатда ишлашини таъминлаш ҳамда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкор муносабат билдириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.
Жамоатчилик назорати жараёнида чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш жараёнлари, махсус техникаларнинг техник ҳолати, контейнер майдончаларининг санитария талабларига мувофиқлиги, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва саралаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўздан кечирилди.
Муҳокамалар давомида чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилиб, санитария-тозалик ишларининг самарадорлигини ошириш, замонавий мониторинг ва назорат тизимларидан самарали фойдаланишни кенгайтириш, аҳоли учун қулай ва сифатли хизматларни ривожлантириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА