Чиқиндидан электр ишлаб чиқариш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда
Бугунги экологик вазиятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, айниқса, чиқиндиларни бошқариш соҳасига замонавий ечимларни жорий қилиш долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада юртимизда 2019-2025 йиллар давомида 54 та қаттиқ маиший чиқинди полигони рекультивация қилиниб, 262,8 гектар ер майдони табиатга қайтарилган. Республикадаги 8 минг 992 та маҳалланинг 8 минг 42 таси санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинган.
Республикадаги жами чиқинди йиғиш майдончалари сони 4 минг 376 тага, контейнерлар эса 39 минг 401 тага етказилиб, қўшимча 600 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.
Бу ҳақда парламент қуйи палатаси мажлисида айтиб ўтилди. Унда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Ш.Ҳасановнинг “Чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.
Агентлик директори жавобида келтирилганидек, санитар тозалаш корхоналарининг моддий-техник базасини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида улар тасарруфидаги махсус техникалар сони 4 минг 606 тага етказилган.
Чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган 6 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар 461,3 млн доллар ўзлаштирилди. 2027 йилнинг биринчи ярим йиллигида мазкур заводлар тўлиқ ишга тушгач, йилига 3,6 млн тонна чиқинди термик қайта ишланиб, 1,6 млрд кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада 400 млн куб метр табиий газ тежалади, иссиқхона газлари чиқиндиси 800 минг тоннага қисқаради, 1000 та доимий иш ўрни яратилади.
Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, 9 минг 61 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, 75 минг 569 та кўча, 227 та чиқинди полигони, 3,5 мингдан ортиқ чиқинди йиғиш майдончасининг геоҳудуди шакллантирилди. Махсус чиқинди ташувчи техниканинг 3 минг 918 таси GPS-мониторинг тизимига, 1 минг 483 та чиқинди йиғиш шохобчаси видеокузатув тизимига уланган.
Мажлисда амалга оширилаётган тадбирлар Стратегияда белгиланган стратегик мақсадларга эришиш учун етарли эмаслиги қайд этилиб, бир қатор таклиф-тавсиялар билдирилди. Хусусан, Агентлик томонидан санитар тозалаш корхоналари хизматлари сифатини ошириш, чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш натижасида энергия ресурсларини, хомашёни ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ишларни янада жадаллаштириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Атроф-муҳитни муҳофоза қилиш, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш масалаларида депутатлик ва парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА