Чинорлар нега касалланди? - Мутахассислар сабаб ва ечимни маълум қилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Биллур маҳалласи ҳудудида ўсиб турган чинор дарахтларининг қуриб бораётгани ҳақидаги мурожаат кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Мурожаат эътиборсиз қолмади — ҳолат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси назоратига олиниб, мутахассислар томонидан тезкор ўрганилди.
Текширув ишлари Тошкент шаҳар Экология бош бошқармаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳамда Ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари иштирокида амалга оширилди. Ўрганишлар натижасида чинор дарахтларида бир қатор зараркунанда ҳашаротлар аниқланди.

Мутахассислар томонидан дарахтларни зараркунанда организмлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг соғлом ҳолатини тиклаш бўйича зарур агротехник ҳамда фитосанитар чора-тадбирлар бошланди. Хусусан, дарахтларни махсус воситалар билан ишлов бериш, илдиз тизимини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳаётийлигини сақлаб қолишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш чораларини белгилаш давлат фитосанитария инспекторларининг ваколатига киради.
Маҳалла фуқароларининг таъкидлашича, мурожаатдан сўнг мутахассислар қисқа вақт ичида ҳудудга келиб, дарахтларни даволаш ишларини бошлаган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси дарахтларга шикаст етказиш, уларни ноқонуний кесиш ёки зарарланишига сабаб бўладиган ҳар қандай ҳаракатлар қонунчиликка мувофиқ қатъий жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатди.
Мутахассисларнинг фикрича, шаҳар экологиясини сақлашда ҳар бир дарахт муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун аҳоли томонидан бундай ҳолатлар ҳақида ўз вақтида хабар берилиши яшил ҳудудларни асраб қолиш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА