"Чинор" лойиҳаси маданият ришталарини мустаҳкамламоқда
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг миллий ўзлигини, она тили ва маданий меросга асраб-авайлаш юртимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу маънода ватандошларнинг Ўзбекистон билан маънавий ва маданий ришталарини янада кучайтириш, ёш авлодни ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва миллий қадриятлари руҳида тарбиялашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида айни йўналишда муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, унда “Ватандошлар” жамоат фондига “Хориждаги ватандош мактаб ўқувчилари ўртасида Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича халқаро фан олимпиадасини ўтказиш” юзасидан вазифалар мавжуд.
Бугун Тошкент шаҳрида ўтказилган “Чинор” лойиҳасининг 2026 йилги биринчи мавсумининг очилиш маросими мазкур вазифалар доирасида амалга оширилди.
[gallery-29900]
Тадбирда Туркия, Таиланд, Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 73 нафар ватандош, “Нуроний” жамғармаси фаоллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маросимнинг эътиборли жиҳатларидан бири ўтган йили “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан амалга оширилган “Чинор” лойиҳаси иштирокчиларининг ҳаётий ҳикоялари, тақдирлари ва юрт ҳақидаги таассуротлари жамланган “Муаззам чинор” китобининг тақдимоти бўлди.
Лойиҳа доирасида 73 нафар ватандош бир ҳафта давомида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи, Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси ҳамда Абдулла Қодирий уй-музейига ташриф буюриши режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ижодкорлар билан учрашиши, бундан ташқари, юртимиздаги “Нуроний” жамғармаси фаоллари билан “Ғалаба боғи”, “Шон-шараф” музейи ҳамда “Миллат фидойилари" монументи билан таништирилиши назарда тутилган.
Лойиҳа нафақат Тошкент шаҳри, балки Самарқанд вилоятида ҳам бўлиб ўтади. Иштирокчилар Самарқанддаги диққатга сазовор меъморий ёдгорликларни зиёрат қилиб, вилоят нуронийлари билан учрашишади.
Йил давомида лойиҳанинг навбатдаги мавсумлари ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Марҳабо Ҳожиакбарова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА