Чигирткага қарши курашда тезкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳим омил
Баҳор фасли табиатга гўзаллик ва янгиланиш олиб кириши билан бирга, қишлоқ хўжалиги учун айрим хатарларни ҳам юзага чиқараётгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, яшилликка бурканаётган адирлар бағрида зараркунандалар – марокаш чигирткаларининг кўпайиши кузатилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, мамлакатимизда чигирткаларнинг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, ҳар йили уларнинг 6-8 турига қарши тизимли кураш ишлари амалга оширилади. Айниқса, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бу борада алоҳида эътибор талаб этади.

– Чигирткаларга қарши курашда энг муҳим омил бу ўз вақтида ҳаракат қилиш, – дейди Республика Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати бошлиғи Баҳодир Худойқулов. – Айни пайтда зараркунандалар тухумдан чиқиш босқичида бўлгани учун кимёвий ишловлар юқори самара бермоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотига кўра, жорий йилда республика бўйича 600 минг гектардан ортиқ майдонда кимёвий ишлов бериш режалаштирилган. Хусусан, Қашқадарё вилоятида 125 минг гектардан зиёд ҳудуд қамраб олинади.
Айни пайтда ҳудудларда зараркунандаларга қарши кураш ишлари изчил ташкил этилмоқда. Жумладан, Чироқчи туманининг Лангар қишлоғи ва унга туташ адирликларда чигирткалар кўпайиши кузатилиб, аҳоли томонидан дастлабки чоралар кўрилган.

– Бундан бир неча кун олдин чўпонлар чигирткалар уюрини кўрганини айтди, – дейди маҳаллий фуқаро Тўрақул Дўстов. – Шундан сўнг аҳоли бирлашиб, дорилаш ишларини бошладик. Илгари бундай ҳолатни кам кузатар эдик, шу боис бу йил анча ҳушёрмиз.
Ҳолат юзасидан тезкор тарзда тегишли ташкилотларга хабар берилгани натижасида кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди. Бу эса аҳоли ва мутасадди идоралар ўртасидаги самарали ҳамкорликни яна бир бор намоён этди.

– Аҳолидан хабар келиб тушиши биланоқ тегишли идораларга мурожаат қилдик, – дейди маҳалла раиси Анвар Шохўжаев. – Ҳозирда қишлоқдошлар билан биргаликда дорилаш ишларини олиб боряпмиз. Ҳамжиҳатлик туфайли иш самарали кечмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тоғ ва тоғ олди ҳудудларда махсус техникалар ҳаракатланиши чеклангани сабабли қўл меҳнати ва аҳоли иштирокининг аҳамияти янада ортади. Шу боисдан бугунги кунда кураш ишларида аҳоли билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бу офатни биргина ташкилот кучлари билан бартараф этиш қийин, – дея таъкидлайди Баҳодир Худойқулов. – Шунинг учун аҳоли билан ҳамкорликни кучайтириш, зараркунандалар ўчоқларини ўз вақтида аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, жараёнлар рақамлаштирилиб, зарарланиш ўчоқларининг аниқ геолокацияси белгиланмоқда. Бу эса кимёвий ишловларни манзилли ва самарали ташкил этиш имконини бермоқда.

Хулоса қилиб айтганда, марокаш чигирткаларига қарши курашиш фақат мутасадди идоралар эмас, балки кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлигини талаб этувчи жараёндир. Айниқса, аҳоли томонидан тезкор ва аниқ маълумотлар тақдим этилиши бу хавфни қисқа муддатда бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири