Чемпион қиз чегарачилар ҳузурида бўлди
Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Марҳамат туманидаги ҳарбий қисмида спортнинг таэквондо тури бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, параолимпиада ўйинлари иштирокчиси Заринабону Мадраҳимова иштирокидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Спорт – соғлик гарови” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда сўз олганлар томонидан ҳарбий қисмларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, спортга бўлган қизиқишларини оширишда таниқли спортчилар, чемпионлар билан бўладиган мулоқот ва учрашувлар муҳим роль ўйнашлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида чемпион қиз ҳарбий хизматчиларга ўзининг спортда, ҳаётда эришган улкан ютуқлари, қизиқиш ва мақсадлари ҳақида гапириб берди. Айниқса, халқаро мусобақалардаги баҳсларда она Ватанга муҳаббати, юрт ва яқинлари ишончи унга ҳамиша далда, руҳий мадад бўлганлигини гапирди.

- Бундай учрашувлар ҳарбийларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мардлик, жасурлик, метин ирода хислатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, - дейди капитан, Хуршиджон Фозилов. - Шу боис ҳам, ҳарбий қисмда бу каби тадбирларни тез-тез ўтказиб туришни режалаштирганмиз.
Тадбирда З. Мадраҳимова спортдаги ютуқлари юзасидан ҳарбийларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА