Чегарачилар янги уйларга кўчиб ўтди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни арафасида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари учун қурилган кўп қаватли турар-жой фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда вилоят, туман сектор раҳбарлари, ҳарбий қисм офицер ва аскарлари, уларнинг яқинлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Янги хонадон калитлари эгаларига тантанали равишда топширилди. Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов таъкидлаганидек, ҳарбий хизматчи оиласи ва яқинларидан кўнгли хотиржам бўлсагина бор диққат-эътиборини, куч-ғайратини тўлақонли зиммасидаги вазифаларига йўналтира олади. Айни шу омил туфайли ҳам мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларга етарли шарт-шароитлар яратиш, Қуролли кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида устуворлик касб этмоқда.
[gallery-19453]
Дил сўзларини изҳор қилганлар чегарачиларни қўшалоқ шодиёна – касб байрами ва янги хонадонлар билан самимий қутлади. Кексалар, юрт ўғлонлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
– Қашқадарё вилоятиданмиз. Ҳарбийларнинг оиласи учун берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлардан беҳад хурсандмиз, – дейди Улдон Дайновова. – Тўрт қаватли, 32 хонадондан иборат ушбу уйлар кенг ва ёруғ хоналари, болалар майдончаси каби қулайликлари бизни мамнун этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.