Чегара постида психотроп моддалар тўхтатиб қолинди
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ҳамда Контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорликда “Сирдарё” чегара божхона постида психотроп моддаларни тўхтатиб қолди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ҳамда Контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорликда “Сирдарё” чегара божхона постида психотроп моддаларни тўхтатиб қолди.
“Сирдарё” чегара божхона пости орқали Қозоғистон Республикасидан мамлакатимизга пиёда кириб келаётган шахс божхона ходимларида шубҳа уйғотади. Ўзбекистон фуқароси бўлган Панжи Нишоналиев (исми-шарифи ўзгартирилган) божхона ходимлари томонидан тўхтатилиб, савол-жавоб қилинди. Суҳбат чоғида Панжи Нишоналиев ўзига тегишли юк халтасида турли дори воситаларидан бошқа “Йўловчи божхона декларациясида” кўрсатилмаган маҳсулотлар йўқлигини маълум қилади.

Шундан кейин, ушбу фуқаро ўзи билан олиб келган юк халта пост кичик-инспектор кинологи ҳамда холислар иштирокида текширувдан ўтказилди. Панжи Нишоналиевнинг юк халтасидаги ҳар хил турдаги дори воситаларидан ташқари унда ҳеч қандай ҳужжатларсиз битта конвалютада 8 дона “MR SAMNAT” зопиклон” номли ҳар бирининг миқдори 7,5 миллиграмм бўлган психотроп (дори воситаси) моддалари борлиги маълум бўлди.
Божхона декларациясида кўрсатилмаган ушбу психотроп моддалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда аниқланган мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.