Чавондозларимиз Барселонага йўл олди
От спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари конкур бўйича Миллатлар кубоги финалида қатнашиш учун Испанияга жўнаб кетди, дея хабар бермоқда оlympic.uz сайти.
Маълумки, вакилларимиз Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россияда ўтказилган саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, Евросиё дивизионининг 11 мамлакати орасида ягона йўлланмага эга бўлишди.
От спортида Олимпия ўйинларидан сўнг турувчи ушбу нуфузли тадбирлардан бири айнан Миллатлар кубоги саналади. Халқаро от спорти федерацияси барча миллий федерацияларни жойлашувига кўра, саралаш босқичлари ўтказиладиган 7 та минтақага ажратди ва энг кучли 18 та жамоа (1 та жамоада 4 та чавандоз) якуний турнирга йўлланма олади. Кубок финали ҳар йили кузда Испанияда бўлиб ўтади.
Миллатлар кубогида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан Баҳромжон Газиев, Умид Комилов, Бекзод Қурбонов, Аъзам Толиббоев жой олган.
Баҳсларда Белгия, Бразилия, Канада, Франция, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Италия, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, АҚШ ва Ўзбекистон жамоалари иштирок этади.
Т. Рўзиев, ЎзА