Чавандозимиз яна шоҳсупага кўтарилди
Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича ўтказилган CSI2* таснифидаги мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдураҳмон Абдуллаев муваффақиятли иштирок этди.
Маҳоратли чавандозимиз ушбу халқаро турнирнинг 140 см баландликдаги тўсиқлардан от сакратиш баҳсларида «Go fout it B» лақабли тулпори билан йўналишни 30,92 сонияда босиб ўтди ва кумуш медалга сазовор бўлди. Ушбу мусобақада мезбон мамлакат вакили Ҳумаид Абдулла Ҳалифа Ал Муҳаммад «Dubai» лақабли оти билан ғолибликни қўлга киритган бўлса, яна бир мезбон спортчи Ҳазза Ҳаман Алдҳаҳери «Eloy» лақабли оти билан бронза медалини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Абдураҳмон Абдуллаев бундан бир неча кун аввал БААнинг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган CSI2* таснифидаги турнирда «Chicaritto» исмли тулпори билан ҳам кумуш медални қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА