Чанг ютгичга жойланган психотроп таблеткалар
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ва ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари “Болдир” темир йўл чегара божхона постида 13 минг дона психотроп таблеткани ушлаб қолди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Болдир” темир йўл чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган темир йўл поезди таркибидаги юк вагонлари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Вагонларнинг бирида юк кузатув ҳужжатларига кўра маиший техника буюмлари ортилгани маълум қилинган бўлиб, божхона кўриги чоғида унинг акси бўлиб чиқди. Иккита чанг ютгич техникасининг ўрами ичига хуфёна тарзда “Хаnised Alprozolam 0,5” номли психотроп таблеткалар жойлаштирилгани аниқланди.

Бу ҳақда ЎзАга маълум қилган вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўраловнинг айтишича, амалдаги тартибга кўра, мамлакатимиз ҳудудида мазкур психотроп таблетка муомаласи чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган. Шу боис уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва транзит олиб ўтиш учун махсус рухсатнома талаб этилади.


Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири