Cамарқанд бодринглари Қозоғистонга экспорт қилинади
Самарқанд шаҳридаги “Фузайлова Гулчеҳра Ниёзовна” масъулияти чекланган жамиятининг Хишрав қўрғонида ташкил этилган иссиқхонасида етиштирилган бодринг Қозоғистонга экспорт қилинади.
Самарқанд шаҳридаги “Фузайлова Гулчеҳра Ниёзовна” масъулияти чекланган жамиятининг Хишрав қўрғонида ташкил этилган иссиқхонасида етиштирилган бодринг Қозоғистонга экспорт қилинади.

Жамиятга тегишли умумий ер майдони 15 гектар бўлиб, айни пайтда белгиланган лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилди. 1 гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида иссиқхона ташкил этилди. Дастлабки ҳосилнинг 30 фоизи маҳаллий бозорга, 70 фоизи Қозоғистон Республикасига экспорт қилиниши режалаштирилган.

– Лойиҳа бўйича 10 гектар майдонда гидропоника усулида иссиқхона барпо этишни режалаштирганмиз, – дейди “Фузайлова Гулчеҳра Ниёзовна” МЧЖ раҳбари Исмоил Маҳмудов. – Шунингдек, маҳсулотни сақлаш учун 1 гектар майдонда музлатгич омборхона ташкил қилиш мўлжалланган. Кейинчалик 2 гектар ерда етиштирилган маҳсулотларимизни қайта ишлаш учун консерва цехи қуришни мақсад қилганмиз. Айни пайтгача амалга оширилган ишларни ўз маблағимиз ҳисобидан бажардик. Лойиҳанинг қолган қисмини Халқаро тараққиёт ассоциацияси (МАР) томонидан вилоятимизга ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан олинадиган 12 миллион АҚШ доллари эвазига амалга оширишни режалаштирганмиз.

12 киши иш билан банд бўлган “Фузайлова Гулчеҳра Ниёзовна” МЧЖда белгиланган лойиҳалар 2019 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ бажарилгач, 150 янги иш ўрни яратилади.